Нафосат ва назокат тимсолларига бағишланди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидаги Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам табриги ва тадбири юқори савияда, кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Бунинг боиси таълим муассасамизда хотин-қизларга эътиборнинг юксак даражада экани, давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигидаги Гендер тенглигининг амалдаги ифодасининг нишонаси экани билан изоҳланади.

Анвойи гуллар билан зийнатланган маданият саройига кирганингиз заҳоти байрам шукуҳини ҳис этасиз.  Муҳташам залнинг саҳнасига бошловчилар - иккита йигит ва иккита қиз мусиқа садолари остида чиқиб келишади. Ўзлариниг хотин қизларга бахшида бўлган самимий тилакларини билдириб, шеърлар ўқишади. Сўнгра камоли эҳтиром билан тантанавор оҳангда Республика Олий таълим кенгашининг раиси, институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевични микрофон қаршисига таклиф этишди.

Ректор ўзларининг табрик сўзларини бошларкан,  "мен рақамлар, саналар ҳақида гапирмоқчи эмасман, жамоамиз хотин - қизларига самимий ниятларимни айтишни лозим кўраман" - дея таъкидлаб институтимизда фаолият юритаётган аёллар ва таҳсил олаётган қизларни чин дилдан табрикладилар. Аёлдек муқаддас зоти шарифалар ҳақида буюк мутафаккирларнинг берган баҳолари ва мулоҳазаларини  эътироф этганларида залда гулдурос қарсаклар янгради. Байрам арафасида ўзининг ишчан фаолияти билан ўрнак ва ибрат бўлганларга ректоримиз мукофот ва унвонларни тақдим этди. Хотин-қизларнинг юзу кўзида нур балқиб, қувонч қалқиб турганини кўришнинг ўзиёқ завқлидир.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, "Маънавий ҳаёт" журналининг бош муҳаррири, истеъдодли шоир Эшқобил Шукуров даврага таклиф этилди. Озарбайжон адиби Воқифнинг "Дунёда битта гўдак бор экан, демак, келажак бор, биттагина аёл бор экан, муҳаббат бор, бир парча ер бор экан, демак ватан бор" деган мулоҳазасини келтириш асносида ўз табрикларини етказди ва ўз шеърларидан бирини ўқиб берди.

Дастур аввалида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, институтимиз профессори Ҳожиакбар Ҳамидов ўзининг дилбар қўшиқларидан бирини ижро этди. Шундан сўнг таниқли санъаткорлар ва институтимизнинг  талантли ёшлари ижросида тузилган, куй ва қўшиқлардан таркиб топган концерт дастури намойиш этилди.

Жамиятнинг таянчи, оилалар суянчи ва қувончи бўлган хотин-қизлар барча жабҳаларда эркаклар билан бир сафда туриб хизматга камарбаста бўлишларининг ўзи фахр-у ифтихоримиз манбаидир. Биз уларни байрамлари билан яна бир бор муборакбод этамиз. Нафосат ва назокатнинг нодир ва ноёб тимсолий намояндалари сифатида бахтимизга доимо соғ-у саломат бўлсинлар.

 

ТИҚХММИ Матбуот хизмати