Белорус Республикаси давлат делегациясининг ТИҚХММИга ташрифи

5 март куни Беларусь Республикасининг шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган давлат делегацияси, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамкорлигида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ташриф буюрди. Беларусь Республикасининг бош вазири ўринбосари Субботин А.М., таълим вазири Карпенко И.В., Беларусь ректорлар кенгашининг раиси, Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетининг ректори Богуш В.А., Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маринич Л.А. таркибидаги давлат делегацияси ҳамда Ўзбекистон Олий таълим Кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори проф.Умурзаков У.П. бошчилигидаги институт раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув конструктив ва ишчан рухда ўтди. Учрашув давомида томонлар Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари, хусусан ТИҚХМИИ ва унинг Беларусиядаги ҳамкорлари ўртасида олиб борилаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаолиятининг ҳолати ва истиқболлари билан боғлиқ масалалар бўйича фикр алмашдилар. Жумладан, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида олий таълим соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаолиятининг динамик равишда ривожланиб бораётганлиги таъкидланди ҳамда томонлар бундан қониқиш хосил қилаётган эътироф этилди.

Шу билан бирга олиб борилаётган ҳамкорлик фаолиятининг кўлами мавжуд салоҳиятлар даражасига тўла мос эмаслиги, уни янада ривожлантиришдан ҳар икки томон манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилди. Учрашув давомида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб олинди, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди, уларнинг ечими бўйича келишиб олинди. Ҳамкорликдаги олий таълим дастурларини ривожлантириш, долзарб мавзулар доирасида ҳамкорликдаги илмий ва услубий ишларни кенгайтириш, талабалар ва  профессор ўқитувчилар алмашув дастурларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Беларусь олий таълими Форумини ташкил этиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш каби йўналишлар устувор деб топилди ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишлари бўйича аниқ келишувларга эришилди.

ТИҚХММИ  матбуот хизмати