Ўқувчилар билан мулоқот
Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 12-13 июнь 2018 й. Фарғона вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларидан бири вилоятдаги иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижодий салоҳиятларини намоён қилишларига барча шароитларни яратиш масаласи бўйича топшириқлар берган эди. Шу билан бирга 19 март 2019 йилда Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда ёшларнинг маънавиятини кўчайтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказилиши учун китоб ўқишга қизиқтириш масалалари кенг муҳокама қилинган эди.
Қўйилган вазифаларни бажариш учун академик М.М.Мирсаидов ва проф. Т.М. Мавлановлар 4-6 апрел 2019 йилда Фарғона вилоятининг қатор умум таълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари билан учрашиб, қизғин суҳбатлар ўтказишди. Фан олимпиадаси қатнашчилари ва аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчиларга ўзбек классик ёзувчи, шоирларнинг ва улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг қатор китобларини совға қилдилар. Учрашувлар Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги 8-чи ва 29-чи мактабларнинг ва Водил шаҳарчасидаги 1-ИДУМнинг иқтидорли ўқувчилари билан бўлиб ўтди.
Бу учрашувларда М.Мирсаидов Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида ва Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларга яратилаётган шароитлар тўғрисида гапирди. Уларни келажакда илм-фаннинг юқори чўққиларини эгаллаб, янги технологияларни ўзлаштиришга чақирди. Ўқувчиларга келажакда давлатимиз равнақи учун фаол хизмат қиладиган, етук мутахасисслар бўлиб етишишлари учун ўқувчилар ўқитилаётган фанларни чуқур ўзлаштириши, тинимсиз меҳнат қилиши ва ҳар доим олдинга интилиши кераклиги ҳақида гапирилди.
Буни амалга ошириш учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиши учун эса чет тилларини яхши билиши ва кўп китобларни ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади. Ўқувчилар томонидан кўплаб саволлар берилди. Бу берилган саволлардан уларнинг кўп китоб ўқиганликлари ва ўз ёшларига қараганда анча юқори билимга эга эканликлари кўриниб турар эди. Ўқувчилар ва ўқитувчилар томонидан берилган барча саволларга М.Мирсаидов тўла жавоб беришга ҳаракат қилиб, қатнашувчиларнинг кайфиятини кўтаришга эришилди.
Учрашув қизиқарли тарзда, юқори савияда ўтди, бўлган учрашувни ўқувчилар кўтаринки руҳ ва катта ишонч билан қабул қилишди. Учрашув қатнашчилари Президентимизга ёшларга яратаётган имкониятлари учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Бу ёшлар келажакда Президентимизга муносиб ўғил ва қизлар бўлиб етишишга ваъда беришди. Эсдалик учун учрашувда қатнашган мактабнинг барча иқтидорли ўқувчилари ва фидойи ўқитувчилари билан расмга тушилди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов