Юрт қисматини ўз қисмати деб билган адиб
Ҳар бир халқ шоирининг ижоди миллат ва Ватан тақдири билан, унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги билан чамбарчас боғлиқ. Асл шоир халқнинг орзу-армонлари, умид-ишончлари, дарди-ҳасратлари ва қувончларини ифодалайди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти” факультети жамоаси 2021 йил 8 апрель куни Абдулла Орипов номидаги Ёшлар боғида “Шоирга эҳтиром” мавзусида ижодий тадбир ташкил этди.
Унда факультет декани А.Исаков, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари О.Ҳабибуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиати Д.Акбаров, факультет профессор-ўқитувчилари, ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирда факультет декани сўзга чиқиб, бугунги кунда институтимизда Абдулла Ориповга бағишланган бир қанча маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтаётганлигини айтиб ўтди. Жумладан, Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги нишонланиш арафасида институтимиз ҳудудида Абдулла Орипов номидаги Ёшлар боғининг очилиши талаба-ёшларни бениҳоя хурсанд қилганлигини таъкидлади. Шундан сўнг, талаба-ёшлар ўзларининг чиқишларида Абдулла Орипов қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиди.
Шоирнинг “Ўзбекистон”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Ўзбек онаси”, “Она”, “Сен баҳорни соғинмадингми” “Устозларим”, ”Муаллим” “Она нигоҳи” “Жаннат ” каби ўқилган шеърлари кечага янада файз бағишлади. Ёшлар иттифоқи фаоллари келгуси ҳафтада институтда ташкил этилган Абдулла Орипов музейига ташриф уюштиришни режалаштиришди.
“Қишлоқ ва сув хўжалиги
энергия таъминоти” факультетининг Ёшлар
билан ишлаш бўйича декан ўринбосари О.Ҳабибуллаев ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати