“SUVMASH” акционерлик жамиятида “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” кафедраси филиалининг очилиши
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шу йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида республикамиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлик заводида бўлиб ўтган учрашувда олий таълим билан илмий тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш масалаларига танқидий баҳо бердилар. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4410-сон “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томондан қўллаб-қуввалашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида йўл харитаси ишлаб чиқилди. Шунга биноан сув хўжалиги соҳасида талабаларнинг билим кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида институтнинг “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” кафедраси томонидан “SUVMASH” АЖ ҳамда кафедра ўртасида амалий ва назарий билимлар интеграциясини жадал тарзда олиб бориш мақсадида кафедра ташаббуси билан ГИМ кафедраси филиали очилди. Кафедра филиали ўқув хонаси замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда талабалар назарий билимларга эга бўладилар. Эгалланган назарий билимларини улар бевосита корхонанинг ишлаб чиқариш цехида ва унинг синов лабораториясида амалда синаб кўрадилар.
Тантанали тадбирда институт ўқув ишлари бўйича проректори т.ф.д., и Б.С.Мирзаев, “SUVMASH” АЖ бош директорининг биринчи ўрибосари К.З.Бакиров, т.н.д., профессор Ш.У.Йўлдошев, “SUVMASH” АЖ бош инженери У.А.Мухамедовлар сўзга чиқдилар.
“SUVMASH” АЖ насос ва электронасос агрегатларини ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлашга ихтисослаштирилган махсус корхона бўлиб, Республиканинг насос ва электронасос агрегатларига эҳтиёжи бўлган барча корхона ва ташкилотларга ўз маҳсулотларини етказиб бермоқдалар.
Кўп йиллик тажрибага эга бўлган корхонада Халқаро сифат менежменти ISO 9001:2008 тадбиқ қилинган бўлиб, ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ушбу сифат сертификати билан ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотларга Ўзстандарт агентлиги томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган.
Корхона Ўрта Осиёда ягона ҳисобланиб, тасарруфида Ўзстандарт агентлиги томонидан аккердитацияланган синов лабораториясига эга бўлиб, бу корхонада барча ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни синовдан ўтишини таъминлайди.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нафақат Ўзбекистонда, балки яқин қўшни мамлакатларда ҳам катта эҳтиёж мавжуд.
Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия Федерациясига, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларига экспорт қилинмоқда.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш” бакалавриат таълим йўналиши талабалари ишлаб чиқариш амалиётини шу корхонада ўташади ҳамда институтни тамомлаганларидан сўнг шу корхонага ишга жойлашадилар.
“Гидромелиоратив ишларни механизациялаш ” кафедраси стажёр-ўқитувчиси Сарвиноз Холова ахбороти
Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов