Талабаликка бағишлов

Инсон ўз ҳаётидаги илк қувончли дамларни унутмайди. Ана шундай хушнудлик чоғларидан бири талабаликка қабул қилиниб талабалик гувоҳномасини қўлга олган пайт бўлса ажаб эмас. Агар ана шундай тадбир пойтахтнинг муҳташам саройларидан бирида ўтказилса, бу бир умрга ёдга муҳрланиши аниқ.

 

 

Жорий йилнинг 8 октябрь куни "Туркистон" санъат саройида ТИҚХММИга қабул қилинган 1 курс талабаларига бағишлов тадбири бўлиб ўтди. Унда бир қатор нуфузли меҳмонлар, институтимиз раҳбарияти профессор ўқитувчилар ва биринчи курс талабалари иштирок этишди.

Даставвал, Марказий Осиёда катта нуфузга эга бўлган Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига илк қадамини қўйиб биринчи курс талабаси деган шарафга эга бўлган ёшлар ректор Ў.Умурзаков томонидан чин дилдан қутланди. Сўнгра  эса Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Баҳодир ака, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, иқтидорли шоир Сирожиддин Саййид, Ўзекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузовлар сўзга чиқиб ёшларни самимий муборакбод этишди.

Мустақил давлатимизнинг барқарорлиги, халқаро майдондаги нуфузи ҳам мустаҳкам билими ва инновацион ихтироси, интеллектуал салоҳияти билан ажралиб турувчи ёшларнинг онгу шуури, тафаккур олами, дунёқарашини ўстиришга дахлдорлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Бу йил институт ташкил этилганлигининг 85 йиллиги нишонланади. Институтда бакалавр таълим босқичида 5540 та, сиртқи таълимда 321 та, 2 – олий таълим  сиртқисига 46 та талаба, магистратурада эса 321 таси, жами 6135 та талаба таълим олади. Уларнинг раҳбарлигида институтимиз фаолиятига боғлиқ бўлган  2017 йил 24 майдаги ПҚ-3003-сонли “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702 қарорлари каби бир қатор ҳужжатларнинг соҳамизга бевосита боғлиқ экани, буни оғишмай амалга ошириш эса биз-у сизнинг зиммамизда эканини, асло унутмаслигимиз керак.

Ушбу қарорлар соҳада кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ўзгартириш ва замон талабларига мос баркамол мутахассисларни тайёрлаш борасидаги фаолиятимизда янги тараққиёт босқичини бошлаб берди.  Ҳозирги кунда институтимизда ҳам таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, жаҳондаги илғор олий таълим муассасалари билан икки томонлама диплом дастурини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий педагогик кадрларни тайёрлаш тизими изчиллик билан йўлга қўйиб борилмоқда. Мазкур инновацион ҳамкорлик ва инвестицион фаолиятлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бундай ҳаракатларимизнинг самарасини хориж давлатларнинг илғор тажрибаларидан кенг ва мақсадли фойдаланиш, чет эл инвестицияларини киритиш орқали таъминлаш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда ва тақозо этмоқда. Бу деярлик барча соҳа учун муҳим, айни пайтда давлатлараро ҳамкорлик ва дўстлик риштасини мустаҳкамлашга ҳам замин ҳозирлайди.

Шу икки йилнинг ўзидаёқ, институтимизда Япония, Хитой, Германия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар ҳамда имзоланган меморандумлар, илмий инновациялар “Кластер” марказининг ишга туширилиши шу йўсиндаги фикримизнинг исботидир.

Қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳасининг тараққиётини илм билан боғлаб ўрганган изланувчан, интеллектуал салоҳиятли талабалар биз учун умид ва ишонч, қутлуғ қадам ва ёруғ келажакдир. Президентимизнинг “Илм, изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай, ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирор бир соҳанинг келажаги бўлмайди”- деган қатъий фикри ва даъватига садоқатли ва муносиб бўлиш кераклиги таъкидланди. Кенг миқёсда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларга фаол муносабат, қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида етук мутахассис бўлиб етишиш уларнинг орзусидир. Институтда илм ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаган ҳолда таълим берилиши аҳамиятлидир.

 Институтда илм сирларини эгаллаш, билим олиш учун барча шароитлар яратилган. Ўтган ўқув йилида ишга туширилган “Китоблар дунёси” махзани (дўкони) ҳам талабаларнинг билимини, китобсеварлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Институтда ўтказиб туриладиган маънавий-маърифий тадбирлар, спорт ва интеллектуал мусобақалар, турли тўгараклар ҳам талабалик даврининг завқли ўтишига замин ҳозирлайди. Чунки бунинг замирида Президент томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг ижроси билан боғлиқ мақсад ва интилишлар борлигига шубҳа йўқ.

Тадбир давомида таниқли санъаткорлар ўзларининг дилтортар тароналари ва дилгир қўшиқлари билан даврага файз киритди.

Ўйлаймизки, талабаликка бағишлов тадбири иштирокчиларда катта таассурот уйғотибгина қолмай, балки уларнинг ҳаётида ёрқин из қолдирди десак муболаға бўлмайди.

 

 

Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов.