Театр студиялари танлови

Олий таълим муассасаларининг талабалар театр студиялари фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан Республика ташкилий қўмитаси йиғилишининг биринчи баёнига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши мажлисининг 2018 йил 8 февралдаги 4 - сонли баёнида "Ёшлар келажак бунёдкори" шиори остида "Ёшлар фестиваллари"ни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури"да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан таълим муассасалар театр студиялари ўртасида мусобақа давом этмоқда. Тошкент Давлат Аграр университетининг катта залида иккала таълим муассаса талабалари ўзларининг актёрлик маҳоратини намойиш этишди.

Даставвал, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг "Иқтидор" театр студияси томонидан Шароф Бошбековнинг "Тикансиз типратиканлар" асари асосидаги спектакли намойиш этилди. Унда боши берк кўчага кирган ёшларга боис тўқликка шўхлик, мақсадни тўғри қўя олмаслик, оталар йўл қўйган хатолардан тўғри хулоса чиқаза олмаслик муаммоси асосий объектга олинди. Иқтидорли талабалар Ўткир (Ҳайитбой Қамбаров), Соли (Муҳаммад Кенжаев), Мисриё  (Моҳичеҳра Аҳмаджонова), Учқун (Нодирбек Қўлдошев) ролларини маҳорат билан ижро этиб эътиборни қозонишди.

Режиссёр ва рассом ҳам Ҳайитбой Қамбаровнинг ўзи, мусиқа безакчиси эса Рустам Шаёновнинг хизматлари спектакл давомида яққол сезилиб турди. Тикан гулнинг ҳам, кирпининг ҳам ҳимоячиси, кўзнинг ҳимоячиси киприк ва қўллар бўлгани каби. Типратикан тиканларидан айрилса, у ўзини ҳимоя қила олмайди. Фарзандлари ҳам ҳимоясиз қолганига беэътибор бўлган ота-оналар фожиаси саҳнада ўз ифодасини топди. Ундаги персонажлар тилидан айтиладиган ушбу сўз ва иборалар асар мазмунини очишга хизмат қилгани аниқ.  "Дағаллик эркак киши учун ҳусндир", "Жўжа Хўрозларга ақл ўргатиши ярашадими", *Ҳамма касбдагилар ўз ишини билади, лекин амал қилмайди", ва ҳоказо.

Солидаги аламзадалик ҳам асар ғоясини очишга замин ҳозирлаган. Ота-оналарнинг кўнгил хушликлари сабаб йўл қўйилган хатолари фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир этиши, уларнинг изтироблари чекиш ва ичишга ружу қўйиши, жавобни излашга интилиши асар замирига сингдирилган. Уларнинг қалбидан чиққан ушбу нидо билан спектакл якун топади. Биз улар учун жавоб бермаймиз! Сўнгра Тошкент кимё технология институтининг "Кимёгар" театр студияси томонидан Чингиз Айтматовнинг "Манқурт" асари асосидаги спектакли намойиш этилди. Одамни ердан молидан жонидан маҳрум қилиш мумкин, лекин унинг ўзлигидан жудо қилишни ким ўйлаб топган деган саволга жавоб излаш спектаклнинг марказий ғоясидир.

Манқуртда она тушунчаси ҳам, туйғуси ҳам бўлмайди. Спектаклнинг иккинчи қисми, яъни замонавий талқини анча бўш чиққани сабабли "Кимёгар" театр студияси талабалари ғалабани қўлга киритиша олмади. Натижада "Иқтидор" театр студияси талабалари "Энг яхши спектакл" номинациясига эга бўлишди. Фестивалда ҳайът раиси сифатида Раҳимбой Жуманиёзов, ҳайъат аъзолари сифатида эса институтимиз психологи Муҳайё Муҳаммедова, маънавият бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ҳайдаров, "Имкон" театр студияси раҳбари Жасурбеклар иштирок этишди. Ҳар иккала институт талабаларига ўзбек адабий тилининг меъёрларига риоя этиш зарурияти танбеҳ ўрнида айтиб ўтилди, шева унсурларини қўллаш асар мазмуни ва табиийлигига путур етиши таъкидланди. Ҳар иккала таълим муассасаси ижодкор талабаларига келгусида янада актёрлик маҳоратини оширишларини тилашди.

 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов