Халқаро илмий-амалий анжуман
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Аграр соҳа тармоқларида электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-Ф-сонли Фармойишига асосан “2018 йил ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га асосан институтимизда ташкил этилмоқда. Республикамиз Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида энергетика корхоналарининг ва энергетик ускуналарнинг барқарор ишлаши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан энергетика соҳасининг юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ва барқарор ишлашига эришиш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва ишлаб чиқарилаётган, шунингдек, ишлаб чиқариш мўлжалланаётган маҳсулотлар таннархини пасайтиришни таъминлайдиган чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилган. 2018 йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича истеъмолчиларга 45,5 млрд. кВт·с миқдорда электр энергияси етказиб берилди. Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги "2018 йилги Инвестиция ва инфраструктура лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-3507 сонли қарорига мувофиқ “Ўзбекэнерго” АЖ бўйича янги энергия объектларини қуриш, амалдагиларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича 5 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85,7% иссиқлик электр станцияларида (ИЭС), 13,3% гидроэлектр станцияларида (ГЭС) ва 1% блокстанцияларда ишлаб чиқарилмоқда. ИЭС ишлатилаётган асосий ёқилғи газ-93,5% ва кўмир-5,1% ҳисобланади. Барчамизга маълумки, Республикамиз Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори (Бухоро шаҳридан 26 км шарқдаги табиий сойликда, Қуйимозор сув омборининг жануби-ғарбида барпо этилган. 1968 йилда ишга туширилган ва 1977 йилда реконструкция қилинган. Тўлиқ ҳажми 800 млн. м³. АЭС қурилиши учун зарур ресурслар етказиб берилишига энг қулай, хавфсизлик жиҳатидан энг маъқул жой) яқинида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистонда «3+» ВВЭР-1200 замонавий авлод станцияси ўрнатилмоқда. Мазкур комплекс 2 та энергоблокдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий эгергоблок танлаб олинган. Уни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган ва ушбу лойиҳа қиймати 10 миллиард доллар атрофида бўлиши кўзда тутилган. Ҳозирда Республикамиз бўйича ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 20,7% аграр соҳа тармоқлари эҳтиёжлари учун сарфланмоқда. Ушбу кўрсаткич қишлоқ аҳолиси билан қўшиб ҳисоблаганда қарийб 30 фоизни ташкил этади. Яқин йиллар ичида ушбу кўрсаткич 40-45 фоизга етиши башорат қилинмоқда.
Аграр соҳа тармоқларида электр энергия ва электр ускуналардан фойдаланиш бўйича назарий тадқиқотлар ва амалий тажрибалар натижаси электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва электр ускуналар эксплуатацияси самарадорлигини янада такомиллаштириш масаласини тизими ёндашув услублари асосида амалга ошириш кераклигини кўрсатмоқда.
Анжуман 7 та шўъба асосида иш тутди:
Энерго ва ресур тежамкор инновацион технологиялар;
Энергия таъминоти, қайта тикланувчан энергия манбалари ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
Аграр соҳада интеллектуал бошқариш, назорат қилиш ва информацион системалар: датчиклар ва системалар;
Ер ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш;
Гидротехника иншоотлари ва, гидроэлектростанциялар ва насос станцияларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш самарадорлигини ошириш;
Қишлоқ ва сув хўжалигини механизациялаш муаммолари ва ечимлари;
Аграр сектор учун кадрлар тайёрлашда компетентли ёндашув.
Шўъбаларда аграр соҳасидаги долзарб муаммолар бўйича илмий изланишлар натижалари муҳокама этилди. Анжуманга 400 дан ортиқ илмий мақолалар келиб тушган. Бугун шўъбаларда ўзларининг илмий маърузалари билан академиклар, фан докторлари ва фан номзодлари ҳамда ёш олимлар иштирок этишди. Шунингдек, мазкур халқаро илмий-амалий анжуман учун тақдим этилган ишларда хорижий мамлакатлардан олимларнинг 25 дан ортиқ илмий мақолалари тақдим этилди, улардан: 2 таси АҚШдан, 1 таси Япониядан, 7 таси Россия Федерациясидан, 17 таси Қозоғистон Республикасидан.