Янги авлод янги ташаббуслар билан
9 январь куни "Янги авлод - янги ташаббуслар" мавзуcида Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ёшлар масалаларига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ёшлар иттифоқи етакчилари ҳам иштирок этишди. Ёшлар шижоати ва тадбиркорлигига доир муаммолар борасида ўзаро фикр алмашинди. Ҳар қандай жамиятнинг иқболи ва истиқболи ёш авлодга бўлган эътиборга боғлиқлиги аён. Президентимиз фаолияти ва қарашларининг муҳим йўналиши ҳам шунга қаратилгани бежиз эмас. Келажакнинг бунёдкори, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи - ёшларга муносабат масаласи давлатнинг устувор сиёсатига айлангани рост. Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари зиммасига юкланган вазифалар ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Ёшлар борасидаги сиёсат таълимнинг узлуксизлигигагина эмас, балки узлуксиз тарбияга ҳам йўналтирилгани эътиборлидир. Биргина мисол сифатида Президент мактабларининг, атоқли адиблар номи билан боғланган ижод мактабларининг очилишини келтириш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади" - деганларида қатъий ишонч ва аниқ режалар борлигини назарда тутаётганлари сир эмас. Аниқ мақсадлар сари интилганда, шунга мос бўлган интеллектуал, салоҳиятли ёшлар ва баркамол авлод зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувларида ана шу масалаларни кўндаланг қўйганлари ҳам бежиз эмас. Бунинг учун ўзи ва сўзи ибрат, илм-у амали билан ўрнак бўладиган ёшлардагина ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, фуқаролик бурчини англаш ҳисси устувор бўлади. Бу эса келажак авлодга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилишига имкон туғдирди. Ўша кунги видеоселекторда ана шу қудратли тўлқинга умид ва ишонч билан қараб шундай дедилар. "Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир." Эргашувчи бўлиб юриш лидерлик, етакчилик нисбати эмас, балки эргаштирувчилик унинг сифатидир. Эргаштирувчи бўлиш учун ҳар томонлама ўрнак ва ибратли бўла олиш зарурдир. Ўзи ўзгаларга намуна бўлмаган инсонда лидерлик салоҳияти бўлмайди. Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилиниши асносида уларнинг ечимига дахлдор бўлган муҳим ва ўзак масалалардан бири тилга олинди. "Бу ишларнинг барчаси тилимизга эътиборни кучайтириш, ёшларимизни миллий анъаналаримизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилиши"дир.
Президент айни пайтда бунинг жавобини ҳам ўзлари келтириб ўтдилар. "Бу борада ёшларимизда нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш учун ресублика ёш бадиий сўз усталари танловини ўтказиш бугунги давр талабидир." Дарҳақиқат, ёшларнинг маънавий ва маърифий саводхонлиги ҳамда ўз фикрини эркин ва фаровон ифодалаш қобилияти бўлмаса, кўзланган мақсадга эришиш мушкуллиги аён. Президент талаб этган ўз овозига, мустаҳкам позициясига эга бўлган инсонгина етакчи бўлиши, у ўз фикрини эмин эркин мустақил ифода эта олиши мумкин. Тасаввур қилинг, ўз ғоясини тушунтира олмаган лидернинг, тадбиркорнинг, фермернинг ҳамда режаси ва йўл харитасини равон баён эта олмаган ўқитувчи ёхуд раҳбарнинг, шунингдек, бошқа соҳа вакилларининг ҳаракати самараси, иш натижаси қандай бўлиши мумкин? Шунинг учун ҳам, иқтисоднинг, сиёсатнинг, халқаро майдонлардаги муносабатларнинг, молиявий, маънавий ва маърифий масалаларнинг алифбоси ҳам, ибтидоси ҳам нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратидир.
Юқорида таъкидлаганимиздек, лидер эргаштирувчи бўлиши керак экан, хўш, эргаштириш нима бадалига бўлади? Албатта, қизиқтириш, ўзаро манфаат ҳосил қилиш эвазига шаклланади. Бу эса ўз навбатида нутқ маҳорати орқали рўёбга чиқади. Шундай экан, муаммолар ечими, масалалар бичими ҳам нотиқлик санъати билан. Таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан бўлгани каби мулоқотнинг ҳам очқичи нутқ, муомаланинг тутқичи хулқдир. Ана шунинг учун ҳам ёш раҳбарларнинг нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш замон тақозосидир. Шу онда халқимизнинг "Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар" деган нақли беихтиёр ёдга келади. Шарқ мутафаккири Кайковус ўзининг "Қобуснома"сида "Инсондаги ҳамма қобилиятлардан энг яхшиси нутқ қобилиятидир"- деб, атоқли адиб Скилеф "Чиройли гапириб билиш пул, ҳокимият ва машҳурликдан қимматроқдир. Чунки уларнинг барчасига чиройли гапириб билиш эвазига эришилади", сиёсатшунос Вебстер "Мендан ҳамма нарсани олинг, уй-жой, мулк, машина, менга фақат сўзлаш қобилиятини қолдирсангиз бас. Йўқотган нарсаларимни ўн баравар қилиб қайтариб оламан," Чонси М. Депью "Ҳеч бир қобилият инсонни жамият томонидан зудлик билан тан олиниши ва юқори мавқеларга эришишида нотиқликдек имкон бера олмайди" - дея бежиз ёзишмаган. Хоҳ тинчлик, хоҳ уруш шароитида бўлсин, кучли нотиқларнинг нутқи, воизларнинг ваъзи чорлов оҳангида, даъваткорона тарзда бўлган. Халқни руҳлантирган, сафарбар этган.
Бугунги таҳликали замонда, глобаллашув даврида, айниқса, ғоялар кураши кескин тус олган пайтда мазмундор моҳиятга эга нутқ ҳам, маҳоратли, фикри теран, сўзга чечан нотиқлар ҳам сувдек, ҳаводек зарур. Чунки асосли, ҳаётий, самарали тарғибот ва ташвиқотгина халқни ишонтиради, руҳлантиради, улуғ ва қутлуғ мақсадлар сари илҳомлантиради. Акс ҳолда, душман ундан устомонлик билан фойдаланиб омма онгини заҳарлаши, турли оқимлар томон оғдириши, асосий мақсаддан чалғитиши, йўлдан оздириши ҳеч гап эмас. Жангда сен душманни отмасанг, у сени отади. Бу оддий мантиқ. Нотиқлик маҳоратидан унумли фойдалана олсак, биз ҳамиша ғолибмиз. Ҳозирги замонда халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган пайтда муҳим мафкуравий қурол - нотиқлик маҳоратини чуқур эгаллашимиз керак. Ушбу жаҳолатга қарши маърифат яроғидан, мафкуравий механизмдан айниқса, ёшлар тўла ва тўғри фойдалана олиши керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини шунчаки мулоқот ва муомала манбаи эмас, балки маърифат ва маънавиятнинг, тарғибот ва ташвиқотнинг қуроли сифатида ҳис этиб, бундан фойдалана олиш миллий ғоямиз ҳимоясига дахлдор эканини уқтираётган бўлсалар ажаб эмас. Чунки ғоямиз - ҳимоямиз, ҳимоямиз эса ғоямиздир. Бу эса мафкуранинг маёғи, ғоямизнинг байроғи ва яроғи нотиқлик маҳоратини эгаллаш билан амалга ошади.
Президент ўз нутқларида маърифатпарвар адиб Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, - деган сўзларини ҳам бежиз эслатмадилар. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлод баркамол бўлганидек, хулқий ва нутқий маданиятга эга бўлган инсон комил инсон саналади. Президентимиз нутқ маданияти ва нотиқлик маҳорати масаласини кун тартибига чиқаргунларига қадар пойдеворни қуриб қўйгандилар. 2019 йилнинг 4 октябрь кунидаги қабул қилган қарори, 21 октябрь куни "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун - 21 октябрь санаси "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш департаменти ва атамалар комиссиясини ташкил этишлари, бадиий сўз усталари ва иншолар танловини ўтказиш ҳақидаги ташаббуслари ана шу мақсадли ҳаракатнинг кафолатидир. Жумладан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласида ҳам нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратининг роли муҳим. Ҳатто, президент нутқидаги беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга оширишда, тушунтириш ва тарғибот ишларида нотиқлик санъатининг ўз ўрни борлигини инкор эта олмаймиз. Тадбирда ёшлар ўз мулоҳазаларини билдириб, турлитаклилар билан чиқишди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов