Тантанали тақдирлаш тадбири

Жисмонан ва ақлий куч бир бутун. Улар бир-биридан қувват олади. Шундай экан, ҳар иккаласига яқинлик мукаммаллик белгиси, бошқача айтганда, баркамол авлоднинг, учинчи ренессанснинг пойдевори ҳам аслида шунда. Шунинг учун инсон ҳаётий фаолиятида ҳам жисмонан, ҳам ақлий машқларни мунтазам равишда бажариши керак. Бу унинг танаси ва онг-у шуурини ривожланишига хизмат қилади. Соғлом ақл ва теран фикр гарови, шунингдек, саломатликнинг кафолати бўлган спортнинг ўрни ёш-у кекса ўртасида катта аҳамият касб этади. Бу борада республикамиз бўйлаб тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳам рост.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ҳар йили талабаларнинг қишки таътил пайтида вақтларини бекор ўтказишмайди. Спортнинг барча турлари билан мусобақалар уюштиришни канда қилишмайди. Жумладан, ТИҚХММИда 2021 йил 4-9 январь кунлари профессор ўқитувчи  ва ходимлар ўртасида “Янги йилни спорт билан бошладик” шиори  остида “РЕКТОР КУБОГИ 2021” анъанавий спорт мусобақалари СПАРТАКИАДАСИ ўтказилди.

Бугун унга якун ясалди. Институтнинг муҳташам, кенг ва ёруғ спорт залига барча жамулжам бўлишди. Улар ўзига хос йўсинда, спартакиада шукуҳини англатадиган тарзда спорт либосида турнақатор бўлиб саф тортишди. Институт тарихида бундай йўсинда, юқори савияда ҳали спорт мусобақалари ташкил этилмаганлигини кўпчилик эътироф этишди. Мусобақа руҳи ва шукуҳини англатувчи тантанавор мусиқа янграб турди.

Сўнгра институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич бошчилигидаги раҳбарият ўзига хос спорт кийимида кириб келишди. Ректоримиз барчани янги йил ва спорт "байрами" билан муборакбод этди. Иш ва ўқув жараёни саломатлик билан, соғлик эса спорт билан чамбарас боғлиқ эканини қайд этиб, муҳтарам Президентимиз томонидан ном берилган жорий йил "Ёшларни қўллаб - қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да ўқув ва иш жараёнида янада улкан зафарларга эришишимиз зарурлигини таъкидладилар. Сўнгра ғолибларни тақдирлаш тадбири бошланди.
 

Профессор-ўқитувчиларнинг “Ректор кубоги-2021” анъанавий спартакиадаси бўйича эришилган ўринлар медаллар ҳисобида аниқланди. Спортнинг олтита тури бўйича давом этган мусобақалар унутилмас тарзда, қизғин равишда кечгани қувонарлидир. Умумий ҳисобда натижалар қуйидагича кўриниш касб этди.

  1. ГМ факультети  4 та олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медалларни қўлга киритиб  I ўринни забт этишди.
  2. ҚХМ факультети 2 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларни қўлга киритиб  II ўринни ишғол қилишди.
  3. Ректорат жамоаси  2 та олтин, 2 та кумуш медалларни қўлга киритиб  III ўринни эгаллашди.
  4. ГТҚ факультети 1 та олтин, 2 та кумуш    медалларни қўлга киритиб IV ўриннинг эгаси бўлишди.
  5. ЕРБ факультети 1 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медални қўлга киритиб V ўринни қўлга киритишди.
  6. СХТЭБ факультети 2 та бронза медалларни қўлга киритиб VI  ўринни фатҳ этишди.
  7. ГИМ факультети 2 та бронза медални қўлга киритиб VI ўрин соҳиби бўлишди.    
  8. ҚСХЭТ факультети VII ўринни эгаллашди.    

Айниқса, аёллар ҳамда эркаклар ўртасида алоҳида ўтказилган "Қувноқ стартлар" ўйинлари бир-биридан қизиқарли бўлиб иштирокчиларга ҳам, томошабинларга ҳам ўзгача завқ бахш этди.

ТИҚХММИ  матбуот хизмати