ТИКХММИда халқаро лойиҳа доирасида Касбий ривожлантириш маркази очилди

Ҳар қандай халқаро ҳамкорликнинг моҳияти ўзаро манфаатли тараққиётга хизмат қилиши билан белгиланади. Шунинг учун дунё миқёсида бунга алоҳида эътибор билан қаралади. 2020 йил 10-февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХММИ) Британия Кенгаши кўмагида Касбий ривожлантириш марказининг очилиш маросими ва инглиз тилида "English as a Medium Instruction-Инглиз тили махсус мақсадларда" халқаро лойиҳаси доирасида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросими ТИҚХММИ ректори проф. У.Умурзаковнинг кириш сўзлари билан бошланди. Улар ўзларининг кириш нутқида Институтда Касбий ривожлантириш марказини очишдан мақсад ва Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришда улкан муваффақиятларга эришишда Британия Кенгашининг беқиёс ўрни ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар.  Ректор, шунингдек, Британия Кенгашининг барча лойиҳалари бизнинг миллий ислоҳотларимиз талабларига жавоб беришини ва лойиҳалардан орттирилган тажрибани ҳаётга татбиқ этиш олий ўқув юртларида сифатли таълимни оширишга ёрдам беришини айтиб ўтди. Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори проф. Б.Мирзаев "English as a Medium Instruction-Инглиз тили махсус мақсадларда" халқаро лойиҳаси координатори сифатида институтнинг турли фан ўқитувчилари ва талабалари учун ўқитиш материалларини яратишда инглиз тилининг аҳамияти тўғрисида гапирди. У Институтда янги Касбий Ривожлантириш марказини очишда кўрсатган ёрдами учун Британия Кенгашига миннатдорчилик билдирди. Ректор ўз нутқидан сўнг меҳмонлар ва лойиҳа иштирокчиларини таништирди. Очилиш маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлигининг вазир ўринбосари Проф.У.Бегимкулов, Британия Кенгаши директори Рейчел Айленд, Буюк Британия консультантлари Род Болайто ва Норвич тил таълими институтидан Жейсон Скит, 16 та нофилологик олий таълим муассасаларидан лойиҳа  координаторлари ва  70 лойиҳа қатнашувчилари  иштирок этишди.

"English as a Medium Instruction-Инглиз тили махсус мақсадларда" лойиҳаси  ўқитувчиларга касбий ривожланишларида ёрдам бериш ва Ўзбекистон таълим соҳасидаги хорижий тажрибаларни жорий қилиш учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқишда халқаро тажрибага асосланган ўқув материалларини такомиллаштириш, шунингдек, Буюк Британия лойиҳа мутахассислари билан маслаҳат учрашувлари, вебинар ва семинарлар ўтказишдир. Лойиҳанинг иштирокчилари Норвич тил таълими институтининг форумига яъни  https://nile.elt.com/ платформасига аъзо бўлишган. Тантанали очилиш маросимидан олдин кун тартибига биноан мехмонлар Британия Кенгаши директори Рейчел Айленд, Буюк Британия маслаҳатчилари Род Болайто ва Жейсон Скит Институтдаги муҳим воқеа ҳақида cўзга чиқдилар. Улар Институт жамоасини Касбий Ривожлантириш Марказининг очилиши билан табрикладилар ва ТИҚХММИнинг халқаро лойиҳаларда, хусусан Британия Кенгашининг лойиҳаларида фаол иштирок этаётганликларини таъкидладилар. Кейин ТИҚХММИ ректори проф. У. Умурзаков Касбий ривожлантириш марказининг очилишини эълон қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вазир ўринбосари проф. У. Бегимкулов, Британия Кенгаши директори билан биргаликда Марказга  кириш олдидан лента кесишди. Ректор барча меҳмонларни Касбий ривожлантириш марказига таклиф қилди.

Барча меҳмонлар ТИҚХММИ  маъмурияти томонидан янги Марказ учун кенг имкониятлар билан таъминланганликларидан хурсанд бўлишди. Марказнинг замонавий китоб жавонларига Британия Кенгаши ва бошқа лойиха ҳамкорлари томонидан тақдим этилган замонавий ахборот ресурслари  жойлаштирилган. Шунингдек, ТИҚХММИ  маъмуриятининг марказни ташкил этилишидаги  қўллаб-қувватлаши ўқитувчилар ва талабалар учун барча қулайликларнинг яратилганлиги, шу жумладан илғор ахборот технологияларини амалда  қўллашга замин яратишини ҳам айтиб ўтишди. Касбий Ривожлантириш марказининг очилиш маросимидан сўнг  лойиҳа қатнашчиси, инглиз тили катта ўқитувчиси Гузал Эшчанова ТИҚХММИ   ҳақида, институтнинг бакалавр ва магистр талабалари учун мўлжалланган факультетлар ва мутахассисликлар ҳақида тақдимот қилди. Шунингдек, ташриф буюрган меҳмонларга ТИҚХММИ ҳақидаги видеоролик тақдим қилинди. Тақдимотга кўра, институтнинг  академик салоҳияти, иш берувчилар ва илмий салоҳияти, кўрсаткичлар бўйича ижобий баҳоларни олганлиги учун 2019-2020 йиллар учун QS рейтингида 301-350 балл тўплаб, Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг энг яхши университетлари қаторига кирганлиги ҳақида маълумот берилди.

Шуни тан олиш керакки, 1923 йилдан бери ТИҚХММИ   сув ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун 80 мингдан ортиқ мутахассислар, академиклар, тадқиқотчилар ва давлат идоралари раҳбарларини тайёрлади. Унинг обрўси бутун дунёда акс этади, 38 мамлакатдан 2000 га яқин битирувчиларга эга. Кун тартибига кўра, бир финжон қаҳва танаффусидан кейин лойиҳа координаторлари ва иштирокчилари бўлимларга бўлинди ва Буюк Британия маслаҳатчилари Род Болитҳо ва Жейсон Скеет ўз семинар-тренингларини ўтказдилар. Лойиҳа бўйича Британия Кенгашининг 16 та нофилологик муассасаларига турли хил ахборот ресурс манбаларни тақдим этганлигини таъкидлаш муҳимдир. Семинар-тренинг давомида инглиз тилини мақсадли ўқитиш бўйича самарали ўқитишни ташкил қилиш, 21-аср кўникмалари, Британия Кенгашининг олий ўқув юртларидаги лойиҳалари ҳақида, ўқитиш материалларини яратиш, ўқитишдаги муаммолар ва ечимлар, ўқитувчилар учун энг яхши амалиётлар ва имкониятлар каби мавзуларга ойдинлик киритишди. Савол-жавоблар давомида меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашнинг аҳамияти, инглиз тилини ўқитиш тизимини янада модернизациялаш ва таълимга илғор технологияларни жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Семинарнинг якуний босқичида лойиҳа иштирокчилари ва тақдимотчилари сертификатлар билан тақдирландилар.

ТИҚХММИда халқаро лойиҳа доирасида янги Касбий ривожлантириш марказини ташкил этиш ва  семинар-тренингни ўтказилиши барчада яхши таассурот қолдирди. Бу эса ўқитишдаги  бир қатор муаммоларга ечим топишга йўл очади. Лойиҳада орттирилган тажриба ва мулоҳазалар билан фикр алмашиниш лойиҳанинг кейинги босқичларини аниқлашга хизмат қилди.

Институт матбуот хизмати Р.Жуманиёзов