Нутқ-ютуқ гарови
Ҳар бир таълим муассасасида ўзининг лидерлик фаолияти ва етакчилик қобилияти билан ажралиб турадиган талабалар бўлиши табиий. Уларнинг ажралиб туришига боис аввало, билими, сўнгра нотиқлик салоҳиятидир. Худди шуни назарда тутган ҳолда, ТИҚХММИ да бир гуруҳ ёшлар иттифоқи етакчиларининг талаб ва истаклари ҳамда институт раҳбариятининг ташаббуси билан "Нотиқлик маҳорати" тўгараги ўз фаолиятини бошлаган. Куни кеча тўртинчи машғулот бўлиб ўтди. Мавзуни ёритиш ва уни нутқ аниқлиги ва мантиқийлигига асосланган ҳолда қандай қилиб нутқ ирод этиш мумкин? Бунга эришишнинг сир-асрорлари ва тилсимлари борасида сўз юритилди. Таълим муассасалари орасида спортнинг шаҳмат тури бўйича танлов бўлиб ўтгани, унда иштирок этиб фахрли ўринни эгаллаган Фаррухбекнинг танлов тассуротлари тингланди. Фаррухбекнинг нутқини тингловчилар тинглаш асносида эришган ютуқлари ва йўл қўйган нуқсонларини бирин-кетин айта бошлашди. Ўзгани баҳолаш, аслида ўзингни ўзгага баҳолатиш демакдир.
Жонли нутқнинг сири, ўз таассуротини ўзгага кўчириш ва жонли манзара яратиш учун нутқ хусусиятларини қай даражада билиш муҳимлигини тингловчилар теран идрок этишди. Назарий маълумотларни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш асносида ўтказилган дарс талабаларга завқу шавқ бахш этаётгани сир эмас. Микрофон, минбар, видеокамера орқали жамоага юзланишда нималар муҳимлиги борасида маълумотлар берилди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати