Қутлаймиз

Унвон ва мукофотлар рағбат, ҳаракат учун даъват, аслида. Инсон руҳланади, эзгу ишларга қобил бўлади, янада илдам интилади. Бадиий адабиётда ҳар бир образнинг ўз ўрни ва моҳияти бўлгани каби ҳаётда ҳам ўрни бор. Афсуски, улар аксар ҳолларда ўз ўрнини топа олмасдан юришади. Ҳар кимнинг қобилиятидан фойдалана олган жамият ривож топади, тараққий этади. Оламларнинг очқичи олимлар илми билан. Бу дунёни англашнинг муҳим калити илмдир. Имом Бухорий эътироф этгани  каби "илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай."

Шундай экан, расмий ва норасмий эътирофлар қилинган хизматлар учун ҳурмат ва эътиборнинг юксак намунаси экани аниқ. Инсон мукофот ва унвон аталмиш рағбатга мушарраф бўлса, руҳланади, янада улкан ишларга қобил бўлади, жадал бел боғлайди. Бундан уч минг йил олдин ёзилган қадимги Ҳинд ҳикматларида ниманинг нимага боғлиқлиги ҳақида шундай битик бор. "Билим таълимга боғлиқ, иззат ишларга, фаровонлик ғайратга, мукофот тақдирга боғлиқ." Демак, қисматида унвон ва мукофот бўлса албатта, рағбатлантирилади. Шунинг учун ҳам "фалонкас фахрий ёрлиқ билан тақдирланади" деб ёзилишида ҳам айни шу ҳақиқат бор. Хуллас, ўз соҳасидаги хизматлари, ютуқлари билан эътиборга молик бўлган касбдошларимиз билан ғурурланамиз.

Уларнинг ютуғи ҳар биримизнинг, жамоамизнинг ютуғидир. Куни кеча “Геодезия ва геоинформатика" кафедрасининг ўқитувчиси, ёш фидойи олим, моҳир педагог Ўткир Исломов "Турон" фанлар академиясининг "Фахрий доценти" унвонига сазовор бўлди. Биз касбдошимизни самимий табриклаймиз, мукофот ва унвонлар бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

ТИҚХММИ матбуот хизмати