Халқаро ёзги мактаб ўз фаолиятини бошлади

Жорий йилнинг 10 июнь кунидан бошлаб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ)да Қозоқ-Немис университети ҳамда ТИҚХММИ талабалари учун халқаро ёзги мактаб ўз фаолиятини бошлади. Мазкур халқаро ёзги мактаб ТИҚХММИ ҳамда Қозоқ-Немис университети (ҚНУ) талабалари учун «Сув ресурсларидан фойдаланиш асослари: назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси» мавзусига бағишланган. Курс АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД), Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМEМ), Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг (СХВ) ҳамкорликдаги «Сув, таълим ва ҳамкорлик» (Смарт Wатерс) лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Ёзги мактабда иштирок этаётган ҚНУ талабалари Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон каби мамлакатлар вакилларидир. Халқаро ёзги мактабнинг асосий мақсади – келгусида Марказий Осиё ҳудудида қўлланиладиган билим ва кўникмаларни ҚНУ талабаларига етказиш ва уларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш, ҚНУ ва ТИҚХММИ талабалари ўртасида мулоқот майдонини яратиш ҳамда маҳаллий институтимизнинг илмий-техник салоҳиятидан фойдаланишдан иборат.

Ўқув машғулотлари юқори малака ва тажрибага эга бўлган ТИҚХММИ нинг профессорлари томонидан назарий, амалий, лаборатория ва мустақил машғулотлар таъриқасида олиб борилади. Шунингдек, ирригация ва мелиорация объектлари, сувни тежовчи технологиялар ўрнатилган жойларда сайёр машғулотлар ўташлари кўзда тутилган.

Умуман олганда, икки ҳафталик ўқув курси мобайнида талабалар сув ресурсларини ҳавзалар даражасида бошқариш асослари, ирригацион тизимларда оқимларнинг оқиш қонунияти, гидротехник иншоотларнинг эксплуатацион ишончлилиги ва хавфсизлиги, насос станциялари ва насослар эксплуатацияси, сув тежовчи суғориш технологиялари сингари модуллар билан танишишади. Маъруза қисмидан ташқари иштирокчилар учун спорт-маданий тадбирлар ҳам тайёрланган. Халқаро  ёзги мактаб 22 июнга қадар давом этади.

Халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси Акбар Хамралиев ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов