"Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (Ўзбекистон) ва China Gezhouba Group International Engineering Co., Ltd вакиллар учрашуви ва ўзаро англашув меморандумини имзолаш" тадбири
2021 йил 9-июн куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХММИ) институт раҳбарияти ва "China Gezhouba Group International Engineering Co., Ltd" компания бош менежерининг ўринбосари жаноб XIN ZONGYI ва Марказий Осиёдаги бош менежери жаноб GUO TIANYU бошчилигидаги катта делегацияси ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. ТИҚХММИ делегациясига институт ректори, Ўзбекистон Олий таълим кенгаши раиси проф. Умурзаков У.П. бошчилик қилди. Тадбирдан кўзланган мақсад янги ривожланиш шароитларида томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболли йўлларини муҳокама қилиш ҳамда кейинги 5 йиллик давр учун ўзаро англашув меморандумини имзолашдан иборат эди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ўзининг қарийб 100 йиллик анъаналарига эга, минтақадаги етакчи ва тан олинган академик ва илмий-тадқиқот институти бўлиб, муҳандислик (суғориш, сув ресурслари, атроф-муҳит, электрлаштириш ва автоматлаштириш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти, менежменти ва маркетинги), ер ресурсларини бошқариш ҳамда бошқа соҳалар бўйича етакчи дастурлари билан танилган.
China Gezhouba Group International Engineering Co., Ltd йирик халқаро даражада фаолият кўрсатувчи корпорация ҳисобланади. Компаниянинг фаолият доиралари қурилиш (энергетика, транспорт, гидротехника, коммунал қурилиш ва бошқа инфратузилма тармоқлари), кўчмас мулк, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, цемент ишлаб чиқариш, машинасозлик ва молиялаштириш соҳаларига сармоя киритиш каби соҳаларни ўз ичига олади. Компания дунёдаги "250 та энг йирик глобал пудратчилар" рейтингига киритилган. CGGC 142 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради ва дунё бўйлаб 190 дан ортиқ амалдаги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Сўнгги 40 йил ичида CGGC 4000 дан ортиқ турли хил энг яхши лойиҳаларни, шу жумладан «Три ущелья» объектини амалга оширди ва инсониятни электр ва тоза сув билан таъминлашга муносиб улуш қўшиб келмоқда.
Компания, Ўзбекистондаги лойиҳалар потенциалини ҳам юқори баҳолайди ва фаол тарзда қўллаб-қувватлайди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида CGGC компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган ИЭС қуришни бошлади.
Томонларнинг ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида ТИҚХММИ талабаларининг Сирдарё вилоятида қурилаётган қуввати 1500 МВт бўлган ИЭС қурилиши объектларида ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ҳамда стажировкаларини ташкил этилиши, ТИҚХММИ битирувчиларини кейинчалик CGGC корхоналарида ишга жойлаштирилиши, шунингдек ҳар икки томон вакилларининг биргаликда тегишли соҳаларда тадқиқотлар олиб бориши ва тадқиқот натижаларини алмашиниши тўғрисида келишувга эришилди. Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтди. Учрашув сўнггида томонлар келгуси 5 йилга мўлжалланган ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати