Ноёб ва нодир истеъдод соҳиби
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов миллий адабиётимизни янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Драмалари, достон ва таржималари, публицистик асарлари адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Айни кунларда таълим муассасаларида улуғ шоир таваллудига ва унинг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Бугун институтнинг "Ер ресурсларини бошқариш" факультетининг бир гуруҳ ижодкор иқтидорли ташаббускор талаба-ёшлари ва профессор-ўқитувчилари "Адиблар хиёбони"да ўзбек халқининг буюк адиби Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида жам бўлишди. Бу муҳташам, сервиқор ҳайкал қошида, институтнинг ёшлар билан ишлаш буйича проректори Р.Чориев, институт матбуот котиби Р.Жуманиёзов, "Ер ресурсларини" бошқариш факультети декани Ш.Нарбаев, декан муовини Х.Эшова ҳамда табдир меҳмони Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ажойиб шоир ижодкор Дониёр Мирзо, профессор ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирокида ўтказилган тадбир ажойиб таассуротларга бой тарзда бўлиб ўтди. Тадбирда адибнинг замонавий ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, давлат ва жамоат ишларидаги фаоллиги, ёш ижодкорларни тарбиялашдаги жонкуярлиги ҳақида сўз юритилди.
– Абдулла Орипов деганда, истеъдод эгаси, ёрқин сиймо, ҳам ижоди, ҳам ҳаёт йўли билан ибрат бўлган устоз келади, – дейди шоир Ўзбекстон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дониёр Мирзо. – Устознинг номлари аллақачон халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган. Биз Абдулла Орипов дейишимиз билан “Ўзбекистон – Ватаним маним”, "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?",“Биринчи муҳаббатим” ва бошқа кўплаб шеърлар ёдга келадики, улар бугун халқ ҳикматларига айланиб кетган. Бирор-бир давра йўқки, унинг шеърлари янграмаса. Ҳар куни мадҳия билан уйғонамиз, мадҳия билан уйқуга кетамиз. Устоз халқимиз қалбидан ўзининг бебаҳо ижоди, ўтли сатрлари, олмос фикрлари билан ўрин олган ижодкор Абдулла акага насиб этган бахт, мартаба ҳамма ижодкорларга ҳам насиб қилавермайди. Хўш, бугун бизнинг шоир олдидаги вазифамиз нима? Айниқса, ёшларнинг вазифаси нима, деган саволларга шундай жавоб бераман: Абдулла Орипов шеърларидаги мазмун-моҳиятни, ҳикматни чақиш керак, келажак авлодларга бу бебаҳо меросни бус-бутун етказиш керак. Айтиш жоизки, ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаш, мустақиллик учун курашларида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўринга эга. Муҳаббат, она, ҳаёт, меҳр, истиқлол, эзгулик каби турли мавзуларни қамраб олган адиб шеърлари инсон қалбини ларзага солмай қўймайди.
Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қарши шаҳри марказида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолият бошлади. Мактаб хиёбонида шоир ҳайкали қад ростлади. Шунингдек, мактаб негизида адибнинг барча асарлари ва бошқа ижодкорлар китобларидан иборат кутубхона ва музей ташкил этилди. Абдулла Орипов - ноёб истеъдод эгаси. Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан фаол иштирок этган ижодкор талабаларга шоирнинг китобларидан совға қилишди. Сўнгра факультет жамоаси "Тошкент" номи билан юритилувчи тарихий музейга ташриф буюриб, у ерда мавжуд бўлган диққатга сазовор экспонатлар билан танишиб катта таассуротларга эга бўлиб қайтишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати