Эрасмус+ DSinGIS лойиҳасининг сентябр ойига режалаштирилган онлайн бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 7 сентябр куни Зоом платформасида Эрасмус+ “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳасининг навбатдаги бошқарув онлайн йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда лойиҳанинг Венгрия (Обуда университети, OU), Австрия (Залсбургдаги Парис-Лодрон университети, PLUS), Германия (Лейбниц Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти, IAMO) ҳамда Ўзбекистондаги (ТИҚХММИ, ЎзМУ, ҚДУ, ТАҚИ, СамДАҚИ) ҳамкорлари иштирок этдилар. Йиғилишни лойиҳа координатори Лорант Фолдварй бошқариб борди.

Йиғилишда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

  • WP1. Лойиҳа бошқаруви (ташқи аудит, молиявий ҳисоботлар);
  • WP3. Ўқув материалларини яратиш (Хатоликлар назарияси moodle курсининг яратилиш ҳолати; moodle курслари базасини Залцбургдаги Парис-Лодрон университети серверидан ТИҚХММИ серверига ўтказиш; яратилган moodle курсларини пилот тест қилишнинг 2-босқичини бошлаш);
  • WP4. Таълим инфраструктурасини шакллантириш (Қўшма илмий тадқиқот маркази учун жиҳозлар сотиб олиш бўйича тендер ўтказиш; Қўшма илмий тадқиқот маркази устави ва Бизнес модел);
  • WP5. Геофазовий атамалар глоссарийси (гармонизатсия режаси ва тасдиқлаш жараёни);
  • WP6. Малака ошириш (PhD талабаларнинг Европада таҳсил олишлари, Геоинформатика бўйича ёзги мактаб);
  • WP7. Анъанавий илмий конференциялар (Геоинформатика бўйича ёзги мактабни GI2020 Халқаро конференсияси билан биргаликда ташкил этиш);
  • WP9. Лойиҳани тарқатиш ва натижалардан фойдаланиш (NЕО нашри учун мақолалар тайёрлаш) ва бошқа турли масалалар.

Юқорида кўрсатилган ҳар бир масала бўйича масъулларнинг ҳисоботлари эшитилиб, кейинги вазифалар белгилаб берилди ва йиғилиш баённомасига киритилди. Йиғилишда ТИҚХММИдан лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий координатори, Ердан фойдаланиш кафедраси таянч докторанти Илхом Абдурахманов ҳамда лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий менежери, Инновация ва илмий тадқиқотлар кластери раҳбари Маманбек Реимов иштирок этиб, тегишли масалар бўйича маълумот бериб, ўз фикрларини билдирдилар.

Йиғилишда лойиҳа доирасида яратилган онлайн moodle курларини Ўзбекистондаги ҳамкор ОТМларда 11.00.07 – Геоинформатика ихтисослигига қабул қилинган PhD талабалар томонидан пилот курс сифатида ўрганиб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, Геофазовий атамалар глоссарийсига патент олиш таклифи билдирилиб, бир овоздан тасдиқланди. Ушбу глоссарй базасини Обуда университети серверидан ТИҚХММИ серверига ўтказиш вазифаси берилди. GI2020 Халқаро конференцияси ва сўнгги мониторинг йиғилишини 2021 йилнинг 27-30 январ кунлари ҳамда Геоинформатика бўйича ёзги мактабни 2021 йилнинг 1-5 феврал кунлари ўтказиш ва уни “қишки мактаб” ёки “қисқа интенсив курс” деб номлаш таклифлари билдириб, қатнашчилар томонидан маъқулланди.

Лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий координатори Илҳом Абдураҳманов Ўзбекистондаги Эрасмус+ оффиси томонидан чоп этиладиган “Erasmus+ in Uzbekistan - 2020” нашрига лойиҳа аъзолари томонидан лойиҳа натижалари асосида тайёрланган 5 та мақола тайёр бўлганлигини ва 8 сентябр куни кўрсатилган манзилга юборишини айтиб ўтди. Лойиҳа тўғрисидаги батафсил ма]лумотни лойиҳанинг қуйидаги расмий веб-саҳифасидан олишингиз мумкин: www.dsingis.eu

ТИҚХММИ Матбуот хизмати