Мадҳиямиз – мангулигимиз қўшиғи

Ҳар куни эрталаб мадҳиямиз  янграган ҳолда  янги кунни кутиб оламиз,  Ватанимизнинг асосий қўшиғи бизга миллий ғурур, руҳий қувват, мустаҳкам ирода бахш этади. Бундан 27 йил олдин қабул қилинган давлатимиз мадҳияси ҳамон қалбимизда мангу жаранглайди, чунки у меҳрдан яралган мангулигимизнинг муҳридир. Абдулла Орипов сўзи ва Мутаваккил Бурҳонов мусиқаси билан яратилган мадҳиямиз бугун жаҳон ареналарида, турли мусобақаларда, муҳтарам президентимизнинг таклиф ва ташрифларида, турли халқаро сиёсий тадбирларида жаранглаётгани ҳам ғуруримиздир.

Ана шу қутлуғ сана муносабати билан институтимизда Ўзбекистон Миллий гвардияси қошидаги  89071 – сонлй ҳарбий қисм зобитлари билан ташкил этилган маърифий тадбир жонли ва қизиқарли тарзда бўлиб ўтди. Тадбир аввалида хизмат ходимлари ҳарбий техникамиз хусусан, турли қуролларнинг намойишини қилиб уларнинг ишлатилиши борасида талабаларимизга тушунчалар беришди. Сўнгра талабаларимиз билан лиқ тўла бўлган залда барча жамулжам бўлишди. Шу заҳоти барча ўнг қўлини кўксига қўйганча жонли равишда мадҳиямизни куйлаб жўр бўлишди.

Жонажон мадҳиям – қалбим қўшиғи, тинч-фаровон ютимда баралла янграйвер, доим, ҳар қачон деган истак барчанинг тил учидан эмас, балки дил тубидан янгради.

Сўнгра 89071 – сонли ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ва “Жасорат” медали соҳиби маёр Умид Ҳасанов “Мадҳиям - юртимнинг мангу қўшиғи” мавзуида маъруза қилди. Талабаларнинг саволларига тўла жавоб берди.

Институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чорийев “Ватанимиз рамзларига бўлган чуқур ҳурмат ва уни ардоқлашларини кўриб ёшларимизнинг эртанги кунга ишончи ва эътиқоди янада мустаҳкамланади, дея ўз фикрларини якунлаб иштирокчи зобитларга институт маъмурияти номидан миннатдорчилик билдирди.

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов