Мазмундор очиқ дарс
2019-йилнинг 9-апрел санасида “Геодезия ва геоинформатика” фанидан “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси катта ўқитувчиси Мухитдинов Жамолитдин Камолитдинович раҳбарлигида "Гидромелиорация" факултетининг 107-гуруҳ талабалари учун очиқ дарс ташкил этилди.
Очиқ дарс “Трассани нивелирлаш натижаларини ишлаб чиқиш” мавзусида олиб борилди. Дарс бошлангандан сўнг ўқитувчи Ж.Мухитдинов мавзу юзасидан тайёрланган тарқатма материалларни талабаларга тарқатиб, янги мавзунинг асосий қисмини очиб бердилар. Сўнгра анъанавий маърузалардан четлашган ҳолда, галдаги мавзу ўқитувчи томонидан ҳаётий мисоллар ҳамда ўхшатишлар ёрдамида қизиқарли тарзда тушунтирилди. Қолаверса, дарс давомида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ёшларни раҳбарликка тайёрлаш бош мақсадларимиздан биридир!” - деган фикрларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Очиқ дарсни "Гидромелиорация" факултети декан муовини Сардор Гулямов ҳамда ўқув-услубий бошқарма ходими Санобар Дўстназаровалар кузатиб боришди. Якунда эса янги ўтилган мавзу юзасидан талабалар “БЛИТС САВОЛЛАР”га жавоб бердилар. Кузатувчилар дарс сўнгида ўқитувчи томонидан қўлланилган замонавий педтехнологиялар ҳамда инновацион ёндашувларга ўзларининг ижобий фикрларини билдириб ўтишди. Биз талабалар ҳам ушбу дарсга пухта тайёргарлик кўрган устозимизга гуруҳ номидан ўз миннатдорчилигимизни билдириб, келгусида бундай “АЖОЙИБ ОЧИҚ ДАРС”лар янада кўпроқ ўтказилишини сўраб қоламиз.
Ёшлар иттифоқининг ГМ 107-гуруҳ етакчиси Азизбек Ҳасанов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов