Жонкуяр устоз
“Меҳнатсевар, жонкуяр ва меҳрибон устоз” номига эга бўлиш ҳар бир устоз-мураббий учун ҳам шараф, ҳам бахтдир. Ана шу сифатларга эга бўлган инсонлар доимо эътиборга сазовор, таҳсинга лойиқ. Ўзига юкланган вазифани шараф билан адо этиш ҳам фидойиликни талаб этади. Заҳмат чекмагунча раҳмат эшитилмас деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ўз касбини севиш, яқинларига, касбдошларига муҳаббатли ва мурувватли бўлиш унинг эл-юрти, меҳнат жамоаси, маҳалласи, оиласи олдида катта нуфузга эга бўлишига сабаб бўлиши сир эмас. Институтимиз "Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари" кафедраси катта ўқитувчиси Батирова Лолитта Анваровна 7 апрел куни ўзларининг муборак 60 ёшини қаршиладилар.
Лолитта Анваровна 30 йилдирки, Республикамиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун етук кадрлар тайёрлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр ўқитувчилардан биридир. Етук мутахассислар тайёрлашда ҳамда тизимнинг моддий – техникавий базасини мустаҳкамлашда ва ўқиш жараёнида катта фаолият кўрсатиб келаётганлари сир эмас. Шу кунга қадар уларнинг муаллифлигида соҳа муаммоларини ҳал этишга бағишланган бир қанча назарий ва илмий – оммабоп мақолалари, ўқув қўлланма ва дарсликлари чоп этилган.
Эл-юрт ҳурматини мерос қилиб бўлмайди. Унга фақат умр бўйи ҳалол, фидокорона меҳнат қилиб, ёниб яшаган кишиларгина эришади. Уларни ана шундай кишилар тоифасидан эканлигидан бутун жамоа ва дўст-у биродарлари, яқинлари фахрланади. Биз Лолитта Анваровнага тангридан узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва мамлакатимиз равнақи йўлида олиб бораётган келажак фаолиятида куч-қувват ва улкан зафарлар тилаймиз!
“ЭТ ва ҚТЭМ” кафедраси доценти О.Пиримов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов