Тошкент архитектура-қурилиш институтида учрашув
Ўз ФА академиги М.М.Мирсаидов ва проф. Т.М.Мавлонов 9 апрель 2019 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтида иқтидорли талаба, магистр ва докторантлар билан учрашув ўтказишди. Учрашувда институтнинг илмий ишлар бўйича проректори проф. Р.И.Нуримбетов ва «Бино ва иншоотлар» факультети профессор - ўқитувчилари қатнашдилар. Учрашувни институт ректори в.в.бажарувчи А.У.Мирисаев кириш сўзи билан очиб, М.Мирсаидовга сўз берди. М.Мирсаидов ўз сўзида юртбошимизнинг фанда эришилган ютуқларни амалиётга тадбиқ қилинишига катта эътибор бераётганлигига, юқори натижаларга эришган илмий ходимлар, албатта келгусида тақдирланишига ҳозирги кунда Президентимиз томонидан тўла имконият яратилаётганлигини айтиб ўтди.
М.Мирсаидов Президентимизнинг топшириқлари билан ЎзР ФАнинг юқори даражада ишлаётган институтлари билан, яъни Юқори технологиялари маркази, Геномика ва биоинформатика институти, Халқаро қуёш илмий-тадқиқот институти ва Шарқшунослик институтларида эришилган ва бажарилаётган ишлар билан таништирганлиги ва у ерда юқори салоҳият билан ишлаётган ёшлар ва уларнинг эришаётган ютуқлари тўғрисида гапириб ўтди.
Хурматли Президентимиз илмдаги энг катта илмий натижаларни илмий тадқиқот ва олий ўқув юртларида ишлаётган ёшлардан кутаётганлигини ва бу бажарилаётган илмий ишлар инновация ғоялари, янги технологиялар ва уларнинг тадбиғи билан якунланиши ҳақида ҳам М.Мирсаидов гапириб ўтди. Ёшлар ва институт ходимлари томонидан кўп саволлар берилди ва бу берилган барча саволларга М.Мирсаидов томонидан тўлиқ жавоблар олинди.
М.Мирсаидов келажакда давлатимиз томонидан қўйилаётган долзарб муаммоларни ечиш учун бу институтда бир нечта илмий мактаблар яратилиши кераклигини ва бу институт билан ЎзР ФА ҳамда Республикамизнинг бошқа олий ўқув юртлари ўртасида интеграцияни ривожлантиришни кераклигини шу жумладан, ТИҚХММИ да худди шу йўналишлар бўйича юқори даражадаги илмий ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтди. Институтнинг иқтидорли ёшлари Президентимизга илм-фанга катта эътибор қаратаётганликлари учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. М.Мирсаидов институтда бажарилаётган илмий ишларни қўллаб-қувватлаб, келгусида қилинадиган ишларга омад тилаган ҳолда ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов