Меҳрга қўйилган ҳайкал
Меҳр – авлодларни, юракларни бир-бирига боғловчи буюк риштадир. У бор жойларда тинчлик ва хотиржамлик барқарор бўлади. Тарихга назар солсак бугунги тинч-осуда ҳаётимиз учун курашганларни ёдга олмасликнинг иложи ҳам имкони ҳам йўқдир. Иккинчи жаҳон урушининг асорати барчанинг қалбида ўчмас из, қора доғ қолдиргани ҳақ. «Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ортиб бормоқда», - деган эди Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев. Бир бурда нон топиш минг азоб бўлган бу вақтда ушбу ҳиммат қаҳрамонликдан ҳам минг чандон зиёда эди. Ҳақиқий инсонпарварлик наъмунаси бўлганларни нафақат Хотира кунларида, балки ҳар кун, ҳар он ёд этсак арзийди. «Гидромелиорация» факультетининг 107-гуруҳ талабалари гуруҳ раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизнинг муҳташам «Халқлар дўстлиги» майдонида қад ростлаган, Шомаҳмудовлар оиласи шарафига ўрнатилган, асл меҳрни ўзида акс эттирган ҳайкал зиёратига бордилар, пойига гул қўйдилар. Талабалар «Дунёни меҳр қутқаради», - дея битилган улуғ ҳикмат замирида қанчалар улкан маъно ва мазмун мужассамлигининг яна бир бор гувоҳи бўлди.
ГМ-107 - гуруҳ талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов