Филиалдаги фаолият

Таълимнинг сифати ва мазмуни, самараси ва натижадорлиги олиб борилаётган ўқув жараёнининг тизимли тартиби ва таркибига, унинг амалиёт билан қай даражада уйғунлигига боғлиқлиги ойнадек равшан. Худди шунингдек, яратилган шароит ва имкониятлар, моддий техника базаси, жаҳон андозаларига мос замонавий технологиялар ҳам таълим тизимининг сифати ва мазмунига дахлдордир. Хўш, таълим муассасаларининг филиалларида бунга эътибор ва муносабат қандай? Худди шу мақсад билан Ректоримиз Умурзаков Ўктам Пардаевич бир гуруҳ фан ва таълим фидойилари, ўқув жараёнининг мутасаддилари  билан биргаликда институтимизнинг Бухоро филиалига ташриф буюришди. Ректор филиалимиздаги таълим жараёни, муаммо ва ечимлар, амалга оширилиши зарур бўлган режалар борасида ўзининг йўл-йўриқ ва қимматли маслаҳатларини бердилар.

Президентимизнинг чиқишларидаги айнан соҳамизга дахлдор фикр-мулоҳазалари ҳамда ўгитлари таълим жараёнимизнинг ўзак томири бўлишини уқтириб ўтдилар. Бугунги ривожланиш, замон билан қадам бақадам илгарилаш, талабалардаги инновацион ихтироларга томон талпиниш ҳиссини уйғотиш ва қўллаб-қувватлаш давр талаби эканини унутмаслик кераклигини таъкидладилар.

Маълумки, Президентимиз нутқларида эътибор қаратилган жиддий муаммолардан бири қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолиб бораётгани, илм ва амалиётнинг бир-биридан узоқлашаётгани, аксарият ҳолларда узилиб қолганидир. “Илмий тадқиқот институтларининг аграр фан ва селекцияни ривожлантириш, илғор агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, ҳар бир ҳудудда тупроқ ва иқлим шароитига мос экин навларини яратиш ва жойлаштириш борасидаги ўрни ва ролини кескин  ошириш лозим.” Давлатимиз раҳбарининг бу эътирофлари илмий-тадқиқот ишлари ҳамон эскича усулда олиб борилаётганига ишора бор. Замонавий илм-фан ютуқларини чуқур эгаллаган кадрларнинг танқислиги муҳим муаммолардан биридир. Демак, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш мақсадида Ветеринария институтини, Паррандачилик илмий марказини ташкил этиш борасидаги Президентимиз ташаббуслари ва инновацияларни ривожлантириш вазирлигини ташкил этганликлари ана шу йўлдаги дадил қадамдир.

Кадрларнинг таълим муассасасини битказгандан кейин қаерга бориб ишлаши, қишлоқ хўжалигининг тараққиётига қай даражада хизмат қилиши барчамизни ўйлантириши керак. Амалиётда уларнинг билим ва мутахассислиги иш берадими, деган савол қўйиладиган бўлса, лаб тишлаб, бош қимирлатиб қўямиз, холос. Чунки, давлатимиз раҳбари ҳақли эътироф этганларидек, аудиторияда талабага бошқа нарса ўқитилади, амалиётда ундан бутунлай бошқа билим ва кўникма талаб этилади. Бундай ҳолда соҳа тараққиётини қандай таъминлаш мумкин.

Таянч ўқув даргоҳларидан бири ва ўқув методик марказ сифатида бизнинг институт белгилангани маълум. Ўқув-таълимий процессни тубдан яхшилаш, режа ва дастурларни қайта синчковлик билан кўриб чиқиш, назарий маълумот ва амалий машғулотнинг уйғунлигини ишлаб чиқариш объектлари билан келишилган ҳолда таъминлаш энг биринчи устувор вазифамиз эканини Президентимиз ўринли таъкидладилар. Олий таълим ва муассасалари ва коллежлардаги ўқув дастурлари ишлаб чиқариш, фирма ва компанияларнинг аниқ талаб ва буюртмалари асосида тузилиши ва рақобатдош кадрларни тайёрлаб бериш ҳақидаги мулоҳазалари ҳам муаммоларимиз ечимига калитдир. Эҳтиёж заруриятдан келиб чиқади. Талаб бўлмаса, эҳтиёж қондирилмаса ўқув жараёнининг қиймати бўлмаслиги тайин. Илм, изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай, ривожланиш,юксалиш ва умуман, бирор бир соҳанинг келажаги бўлмайди.

Ректоримиз филиалда фаолият юритаётган педагогик ва техник жамоа билан учрашув чоғида худди шундай мазмундаги мулоҳазаларни билдириб ўтдилар. Ташриф чоғида таълим муассасамизнинг филиали билан яқиндан танишиб аудитория ва ўқув лабораториялари, кутубхона, АРМдаги барча техник жиҳозларнинг яроқли, яроқли эмаслигини кўздан кечириб тегишли топшириқлар бердилар. Шу билан институмизнинг Бухородаги филиалига ташриф муваффақиятли ва самарали якунланди.

                             Институт матбуот котиби Р. Жуманиёзов