Самарқанд шаҳрида Эразмус+ DSinGIS халқаро лойиҳаси доирасида илмий-амалий семинар ўтказилди

2019 йилнинг 9 апрел куни Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида (СамДАҚИ) “2017-2020 йиллар давомида Эрасмус+ дастурининг “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” халқаро лойихаси доирасида олиб борилаётган ишлар” мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда СамДАҚИ профессор-ўқитувчилари, ёш олим, докторант, магистрант ва талабалари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) 1 босқич таянч докторантлари – И.Абдурахманов, З.Маматқулов ва Б.Успанкулов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети катта ўқитувчиси И.Абдуллаев, шунингдек, Самарқанд вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Самарқанд вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси хизмати, “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий лойиҳалаш институти Самарқанд бўлинмаси, Самарқанд аэрогеодезия давлат корхонаси раҳбар ва ходимлари иштирок этишди.

Ушбу илмий амалий семинар очилиш маросимини СамДАҚИ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Исаков Эркин Хужаёрович ўз нутқи орқали очиб берди. Э.Исаков ўз нутқида СамДАҚИда ҳозирги кунда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, миллий ва халқаро лойиҳалар ҳамда инновацион ишланмалар тўғрисида, жумладан “Геодезия ва картография” кафедраси профессор-ўқитувчилари иштирок этишаётган “DSinGIS” лойиҳаси, лойиҳанинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Сўнгра сўз Самарқанд вилояти Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Жаманов Фозил Жамановичга берилди.

Самарқанд вилояти Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Жаманов Фозил Жаманович сўзга чиқиб, “Самарқанд вилояти Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармасининг фаолияти, келгусидаги режалари ва халқаро алоқалари” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, маърузачи ушбу семинар ва халқаро лойиҳанинг келгусидаги фаолиятига омад тилади.  

Лойиҳанинг миллий координатори, ТИҚХММИ таянч докторанти – Абдурахманов Илхом Исакович “DSinGIS” лойиҳаси, унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар” номли маърузаси билан иштирок этди. У ўз маърузасида лойиҳанинг мақсад ва визафаларини батафсил ёритиб бериш билан бир қаторда, лойиҳада ташкилий масалалар қандай йўлга қўйилганлиги, чет эл хамкор ОТМларига таянч докторантларнинг қай тартибда малака ошириш курсларига юборилиши, хусусан, биринчи ва иккинчи чақириқ давомида кимлар танлаб олинганлиги ва уларнинг эришган ютуқлари тўғрисида семинар қатнашчиларига батафсил маълумотлар берди.

Бундан ташқари, И.Абдурахманов ўз нутқида лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача айтиб ўтиш билан бир қаторда, асосий эътиборни ишлаб чиқариш корхоналари билан олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратиш лозимлигини такидлаб ўтди.

И.Абдурахманов “DSinGIS” лойиҳаси давомида очилган янги PhD дастури ва унинг ихтисослиги, 18 та махсус Геоинформатика соҳасига оид замонавий курсларнинг яратилаётганлиги, курсларнинг “Moodle” тизими орқали ўқитилиши хақида айтиб ўтди. Шунингдек, барча курслар тайёр бўлгандан кейин уларни нафақат PhD таянч докторантлар, балки ишлаб чиқариш ташкилотларидаги шу курсларга қизиққан барча илмий изланувчилар ва ходимлар ҳам ўрганишлари мумкинлигини, негаки кейинчалик барча 18 та курслар очиқ ресурс сифатида барчага тақдим этилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. Қолаверса, лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги барча ОТМлар учун ТИҚХММИда махсус Қўшма илмий-тадқиқот маркази ҳамда ўзбек ҳамкор ОТМларда алоҳида электрон таълим марказлари очилиши ва уларнинг барчаси лойиҳа маблағлари ҳисобидан керакли жиҳозлар, геоинформатикага оид асбоб-ускуналар билан таъминланиши тўғрисида алоҳида гапириб ўтди.

Шунингдек, ТИҚХММИ таянч докторанти – Маматқулов Зохид Жонқобилович ҳам ўзининг “DSinGIS” лойиҳаси доирасида Венгриянинг Обуда университетига амалга оширган илмий малака ошириш ташрифи” номли тақдимоти билан семинарда иштирок этди. У ўз тақдимотида ГАТ соҳасида Европа тажрибаси ҳақида маълумот берди ва семинар иштирокчиларининг саволларига жавоб берди. “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ Самарқанд бўлинмаси директори Бабаназаров Соҳибжон Фарходович сўзга чиқиб, бўлинмада ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлар, хусусан чет эл олий таълим муассасалари билан ўрнатилаётган хамкорликлар ва келгусидаги режалари ҳамда “DSinGIS” лойиҳаси доирасидаги ҳамкор ОТМлар билан ҳам келажакда биргаликда янада самарали ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиш кераклиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шундан сўнг, “УзГАШЛИТИ” ДУК Самарқанд филиали директори Бекбаев Ғулом Каримович сўзга чиқиб, ҳозирги кунда Самарқанд вилоятидаги қурилиш соҳасида олиб борилаётган топогеодезик ва геологик ишлар истиқболи бўйича атрофлича маълумот берди. Бундан ташқари, семинарда иштирок этаётган талабалар, магистрлар ва ёш олимларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Бундан ташқари, “Самарқанд аэрогеодезия” давлат корхонаси директори Пирназаров Ислом Мардонович сўзга чиқди.

И.Пирназаров ўзининг “Корхонада олиб борилаётган геотопографик ва аэрокосмик ишлар ва келгусидаги вазифалар” мавзусидаги маърузасида корхона фаолияти ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, “DSinGIS” халқаро лойиҳасининг Самарқанд вилоятидаги корхоналар фаолиятига бўлаётган ёрдами ва келгусидаги вазифалари, тадқиқотлардан кутилаётган натижалари тўғрисида маълумот берди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси катта ўқитувчиси Абдуллаев Илхомжон Ўктамович ўзининг “Геофазовий атамалар луғати, Геоинформатика бўйича анъанавий илмий конференциялар” номли маърузаси билан семинарда иштирок этди. И.Абдуллаев ўз нутқида хозирги кунда илм-фан соҳасида атамаларнинг ўрни жуда катталиги, манбааларнинг кўплиги, шунингдек кўплаб атамалар чет тилларида эканлиги сабабли олимлар хар бир атама юзасидан аниқ бир тўхтамга келиш жуда муҳим масалалардан бири эканлигини такидлаб ўтди.  “DSinGIS” лойиҳасида бу масалага катта эътибор берилганлиги ва шунинг учун хам геофазовий атамалар учун махсус электрон луғат яратилганлиги, унга шу кунгача 1000 дан ортиқ атамалар 3 та тилда киритилганлиги ва у доимий равишда бойитилиб борилаётганлиги тўғрисида семинар қатнашчиларига гапириб ўтди. Шунингдек, И.Ў.Абдуллаев лойиҳа доирасида ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган геоинформатика бўйича анъанавий илмий конференциялар тўғрисида маълумотлар берди ва барча иштирокчиларни келгуси конференцияларда ўз мақолалари билан иштирок этишга чорлади.

СамДАҚИ мустақил тадқиқотчиси Ниязов Воҳиджон Рўзиевич сўзга чиқиб, ўзининг илмий тадқиқот мавзуси “GNSS технологияси ёрдамида геодезик таянч пунктларни оптималлаштириш усулларини ишлаб чиқиш (тоғ кон объектлари мисолида)” доирасида олиб бораётган иши ва унинг ГАТ технологиялари билан боғлиқлиги тўғрисида гапирди. Бундан ташқари, СамДАҚИ мустақил таянч докторанти Рахимов Улуғбек Абдуллаевич ўзининг “Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрини геодезик-картографик таъминотини такомиллаштириш” ҳамда мустақил тадқиқотчиси Гулмуродов Фаррух Эшмуродович ўзининг “Ўзбекистон вилоятларини туризм мақсадлари учун тизимли картага олишнинг илмий асослари” мавзудаги илмий тадқиқотлари бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ёш олимлар ГАТ соҳасидаги ушбу халқаро лойиҳа фаолияти ва унинг Ўзбекистон талабалари, магистрантлари ҳамда ёш олимларига катта имкониятлар бериши ҳақида гапириб ўтишди. Булардан ташқари, сўзга чиққан иштирокчилар ўзларининг семинар ва халқаро лойиҳа борасидаги ўзларининг таклиф ва мулохазаларини билдиришди. Семинар якунида СамДАҚИ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Э.Исаков ва лойиҳанинг миллий координатори И.Абдурахманов сўзга чиқиб, семинарнинг барча иштирокчиларига ўз миннаддорчиликларини билдиришди ва келгусида янги лойиҳалар яратиш, ўзаро хамкорликни янги босқичларга олиб чиқиш зарурлигини, бу шу орқали кадрлар салоҳиятини янада оширишга эришиш мумкинлиги ҳақида алоҳида такидлаб ўтишди. Семинар сўнги эсталик учун кадрларда мухрланди.

 

 

 

ТИҚХММИ таянч докторанти Б.Успанкулов