Сафаримиз зафаримизга айланди
Биринчи кун таассуротлари
Ҳар қандай сайр-у саёҳат ва сафар муайян мақсадларни, рўёбга чиқариш бобида имконият. Қашқадарё вилоятига ТИҚХММИ проректори Рузимурот Чориев бошчилигида институтимизнинг иқтидорли, фаол ёшлари билан уюштирилган ижодий сафар ана шу мақсадга йўналтирилди. Улар 9-апрел куни соат 16.00да пойтахтнинг шимолий вокзалидан жўнайдиган Тошкент-Насаф рейси бўйича поездга чиқишди. 50 дан зиёд талабанинг хурсандчилиги чексиз, кайфияти кўтаринки. Улар ўз қобилияти ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда, вагонда ўйин - кулгини бошлаб юборишди. Кимдир гитара чалиб қўшиқ айтса, кимдир доира жўрлигида рақсга тушарди, бошқа биров эса улуғ шоир Абдулла Ориповнинг шеърларидан ўқиб даврага файз киритарди.
Хушчақчақлик, айрича завқ - шавқ билан Қаршига етиб келганларни ҳам сезмай қолишди. Қарши вокзалида жамоамизни таянч институтимининг Қарши филиали директори Муқимов Зафар Мажлисович педагогик жамоаси ва талабалари билан карнай- сурнай садолари остида кутиб олишди. Зум ўтмай талабаларимиз турнақатор бўлиб енгил автомобилларда институтимизнинг Қарши филиалини ётоқхонаси томон йўл олишди. Шинам, озода ва қулай ётоқхона жамоамизни ўз бағрига олди. Эртасига эрталаб нонушта қилиш учун талабалар ошхонасига борилди. Абдулла Орипов ижодини оммалаштириш, асарларини кенг тарғиб қилиш вазифаси юклатилган, институтимиз жамоасининг кенг қамровли фаолияти таҳцинга лойиқ.
Сафардан кўзланган мақсад ҳам улуғ шоиримизнинг туғилган қишлоғи, яшаган уйи ва ўқиган мактабини талабаларга кўрсатиб уларда кенгроқ таассурот ҳосил қилишдан иборат. Навбатдаги кун таассуротлари билан кейинроқ таништирамиз. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, ютуқларимиз гарови институт ёшлар етакчиси талабаларни хавфсиз ҳаракатланишини та‘минлаётгани ва уларни фаолликга чорлаши, айни пайтда Институт Касаба уюшмаси қўмитаси раиси ҳамда институт ректорининг ташкилий ишларда амалий ёрдамларини аямаганларидир.
ТИҚХММИ матбуот хизмати