Амалиёт - ўқув жараёнининг асосий пойдевори

ТИҚХММИ “Гидромелиорация” факультети “Сув хўжалиги ва мелиорация” таълим йўналиши 3 - босқич талабалари ўқув жараёнида институт профессор-ўқитувчилари томонидан олган назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш мақсадида, институт ректорининг 2019 йилнинг 12 июлидаги 836/т - сонли буйруғига асосан ишлаб чиқариш амалиётини ўташлари учун Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига келишди.

Талабалар ҳозирги кунда энг юқори технология, яъни томчилатиб суғориш технологиясини қўллаётган фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш амалиётларини ўташлари учун туман ирригация бўлимлари томонидан юборилди ва мазкур фермер хўжалик раислари ишлаб чиқариш амалиётини ўтишлари давомида 8 июлдан 17 августгача бўлган муддатда корхонадаги амалиёт раҳбари этиб тайинланди. Шунингдек, талабаларга ишлаб чиқариш амалиёти давомида мазкур фермер хўжалик томондан барча шарт-шароитлар яратиб берилди ва тўлиқ маълумот олишлари ҳамда келгусида юқори тежамкор суғориш усуллари бўйича маълумотга эга бўлишлари учун имкониятлар яратилди. Талабаларга ҳозирги кунда муҳтарам юртбошимиз томонидан қўйилаётган талабларга тўлиқ жавоб беришлари учун ишлаб чиқариш ташкилотлари ва институт раҳбарияти томонидан барча шароитлар яратилди.

ИТХБ раҳбарияти: Мақсуд Собиров ва Давронбек Кенжаевлар амалиёт ўташга келган талабаларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 17 июндаги ПФ–5742-сонли Фармони бўйича ИТХБларда ишлаб чиқилган йўл харитасини талабаларга тушунтиришди. Мазкур Фармонда республикада, жумладан, Хоразм вилояти ва Қорақолпоғистон Республикасида йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритилиши, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали суғориш сувларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳамда фойдаланишдан чиқариб юборилган ерларни қайта тиклаш учун инвесторлар жалб қилиш бўйича иш олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумот берилгани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, яъни вегетация даврида бажарилаётган ишлар кўлами ҳамда мутахассислар томонидан сув танқислигининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан қисқача тушунчалар бериб ўтишди. Талабалар ўз навбатида ўқув жараёнида олган билимларини тўлиқ ишлатишга ва ишлаб чиқариш ташкилотининг барча соҳаларида юқори малакали мутахассислардан фойдаланиб энг керакли билимларни ўзлаштиришга ва тажриба алмашишга сўз беришди. Талабалар амалиётни талаб даражасида ўташлари, институтда олган билимларини тўлиқ амалиётда қўллашлари учун барча шароитларни ташкилот томонидан яратилганлиги катта аҳамиятга эга эканлиги эътироф қилинди.

 “Ирригация ва мелиорация” кафедраси доценти Бахтияр Матякубов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов