Эли эъзозлаган бахшининг бахти
Сўз санъатининг бошланиши фольклордадир деган ҳикмат беҳуда эмас. Фақат моддий неъматларнигина эмас, балки маънавий бойликларнинг ҳам яратувчиси, ижодкори халқдир. Шундай экан, халқ оғзаки ижодиёти, яъни фольклори барча халқларнинг кўнгил ва руҳоният ойнасидир.
Қадимий тарихига, бой анъаналарига эга бўлган Ўзбек халқ фольклорининг энг катта жанри достондир. Халқ достонларини ўлмаслигини таъминлайдиган, уни тиллардан тилларга, эллардан элларга, диллардан дилларга кўчирувчи, умр бахш этувчилари - бахшилардир. Қорақалпоқларда жиров, қозоқларда оқин, туркларда ўзан номлари билан юритилувчи бундай санъаткорлар серқирра истеъдодга эга бўлиши билан ажралиб туришади. Ўзбек достончилигининг бир нечта мактаблари бор. Сурхон, Самарқанд ва Қашқадарё достончилик мактаби вакиллари ёпиқ овозда, бўғиз, дўмбира орқали достон куйлашса, Хоразм достончилик мактабида очиқ овоз ва ансамбл билан тор доира, қўшнай ва гармон орқали достон ижро этилган.
Институтимизда ҳар жума куни мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган “ИБРАТЛИ, ИҚТИДОРЛИ, ИЖОДКОР, ИСТЕЪДОДЛИ ИНСОНЛАР” рукнидаги машҳур санъаткор ва таниқли инсонлар билан бўлаётган учрашувларнинг навбатдаги меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, атоқли бахши Отахон Матёқубов бўлдилар.
Ўзбекисто халқ достончиси Қурбонназаир Абдуллаев – Бола бахшининг шогирди бўлган Отахон ака Матёқубов 92 ёшни ҳақлаётган ардоқли санъаткорларимиздан. Улар 40дан зиёд достонларни ёддан куйлаш орқали қувваи ҳофизаси баланд санъаткор сифатида ўзининг қайноқ қалби, шўх ҳамда жўшқинлиги билан алоҳида ажралиб турадилар. 1970 йилдан 2005 йилга қадар Ўзбек давлат филармонияси қошидаги “ДОСТОН” ансамблини бошқариб келганлар. Бугунги кунда Хоразм достончилик анъанасини давом эттириб, кўплаб шогирдлари ардоғида келаётган Отахон ака ўз ижодий гуруҳи билан институтимизнинг Маданият саройида достон кечаси ўтказдилар.
Улар иштирокидаги маърифий тадбирда шогирдларидан Марғуба Ваҳобова, Расулжонлар устоз билан биргаликда жўр бўлишди.
Отахон бахши Матёқубов Хоразм бахшилари репертуаридан муҳим ўрин олган эпослардан бири “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонининг биринчи қисмини куйлаб, аниқроғи ижро этиб талаба ва педагогларнинг олқишига сабаб бўлди. Ундаги жўшқинлик ва ғайрат достонга ва ундаги қаҳрамонларга ҳамда мухлисларига бўлган меҳр ва муҳаббатдан эканини иштирокчилар яхши ҳис этишди.
Тадбир ниҳоясида институтимиз ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков Отахон акага ва унинг шогирдларига самимий миннатдорчилигини билдириб ушбу учрашувни баҳор фаслида яна бир бор ташкил этиш заруруратини қайд этиб ўтдилар. Мулоқот кўнгилдагидек мазмунли ва мароқли тарзда ўтди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов