Илҳом чашмасидaн томган томчилар
Халқ денгиз бўлса ёшлар унинг тўлқинидир. Бу Президентимизнинг ўринли ташбеҳона эътирофи. Сувнинг авжи ва мавжи ҳам унга берилган таъсир кучидан, аслида. Шунга монанд ҳолда айтиш мумкинки, ҳар бир истеъдодни руҳлантириш, унга маънавий мадад бериш, тўлқинлантириш ҳам муҳим. Бу эса ёшларнинг истеъдодини янада гуркираб ривожланишига замин ҳозирлаши, шубҳасиз.
Ректоримиз Ў.Умурзаковнинг ташаббуси ва хайрихоҳлиги билан институтимизда таълим олаётган иқтидорли, истеъдодли ҳамда ижодкор бўлган бир гуруҳ талаба-ёшларнинг "Илҳом булоқлари" номли тўплами чоп эттирилди. Институт ректори томонидан китобларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими айрича тарзда ўтказилди. Тўпламга назмий ва насрий асарлари киритилган ижодкор талабаларнинг қувончдан кўзлари порлаб турарди. Улар қўлларига китобларни олиш асносида бениҳоя шод бўлиб ўзаро бир-бирларини табриклашар ва мажмуадан ўрин олган ижод дурдоналари, расмларига тикилиб кўзлари тўймас, қалбларида ажиб бир ғурурни туйишарди.
Институт ректори бу биринчи китоблигини таъкидлаб, ижодкор талабалар сафи янада кенгайишини ҳамда ҳар йили биттадан шундай тўплам чоп эттириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди. Ишонамизки, эндиликда адабиёт ва санъатга ихлоси баланд бўлган ижодкор талабаларнинг сафи янада кенгаяди. Чанқоқ инсон сувга қай даражада ташна бўлса, маънавият ва маърифатга ошна одам ҳам китобга, санъатга, шеъриятга шу даражада чанқоқ бўлади. Сув экиннинг жони ва қони деймиз. Демак, сўз санъатини ҳам маънавиятнинг жон томири, маърифатнинг қон томири десак, муболаға бўлмайди.
Оби ҳаётсиз тирикликни тасаввур қилиш мушкул бўлгани каби, инсоният умрининг мазмунини ҳам санъатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сув тиниқ, зилол бўлса, уни қанча истеъмол қилсангиз, сизга шунча фойдали ва шифобахшдир. Одатда, булоқ суви ана шундай хусусиятга эга. Шунинг учун ҳам кўз очган булоққа эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишади. Одатда, булоқ сувлари ирмоқлардан тармоқланиб сойларга, ундан эса дарё, денгиз ниҳоят уммонга қўшилади.
Касб нуқтаи назаридан Ирригация йўналиши бўлса-да, санъатга муҳаббат, назм-у насрга меҳри боис, ўз туйғуларини, таассурот ва кечинмаларини бадиият тили билан ифодалашга бўлган лаёқат истеъдод учқунларини талант алангасига айланишига сабаб бўлган бўлса неажаб? Гап институтимизда таҳсил олаётган, шеърий ва насрий машқлари билан эътиборга тушаётган истеъдодли талабаларимиз ҳақида. Уларнинг ижод намуналари олдинига вақтли матбуотда, газета ва журналларда чоп этилган. Эндиликда талабаларнинг ижод намуналари алоҳида мажмуа сифатида нашрга тайёрланди. Бу айни пайтда таълим муассасамиз ташкил этилганлигининг 85 йиллиги олдидан муносиб туҳфа бўлди дейиш мумкин.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов