Қадимий Самарқандга саёҳат

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тамойилларини ҳаётга жорий этиш,  ёш авлод қалбида Ватанимиз тарихи, келажаги учун масъулият ҳиссини ошириш, шунингдек, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар мунтаззам равишда олиб борилмоқда. Республикамизнинг тарихий қадамжоларини зиёрат қилиш ота-боболаримиздан етиб келаётган анъанадир.

Институтимиз раҳбарияти қўллаб-қувватлашлари билан “Гидромелиорация” факультетининг ёшлар иттифоқи фаол талабалари, хотин-қизлар Кенгаши аъзолари ва гуруҳ мураббийлари томонидан Қадимий Самарқандга  саёҳат ташкил этилди. Саёҳатчилар томонидан Самарқанднинг Регистон майдони, Улуғбек мадрасаси ва собиқ Президентимиз И.А.Каримовнинг ёдгорликлари зиёрат қилинди. Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд таърифига тил ожиз. Азим шаҳар ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш учун бу ерга, албатта, ташриф буюриш лозим.

Қадимий Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар бу муаззам шаҳарнинг юраги бўлмиш Регистон майдони ва унда қад ростлаган уч мадрасанинг кўрки, салобатидан ҳайратга тушдилар. Унинг нафис гўзаллигини соатлаб томоша қилдилар. Самарқанд шаҳрининг гўзал  ва қадимий қадамжолари талабаларимиз қалбида Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширди. Буларнинг барчаси жамият тараққиётини юксалтириш, маънавий барқарорликка эришишга муносиб замин яратади, ёшларнинг  эртанги кунга ишончини ошириб, ватанпарварлик туйғулари ҳиссини ўсишига самарали таъсир кўрсатади.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати