Улуғ устознинг қутлуғ ёди
Вақт ҳамма нарсани даволайди, дейдилар. Бир одам оламдан ўтар экан, ортида қолган яқинларининг қалбидаги айрилиқ дарди ҳам йиллар ўтиб, енгиллашади. Баъзилар эса бир неча йиллардан сўнг бутунлай унут бўлиб кетади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг вафотидан кейинги соғинч вақт ўтиши билан нафақат унутилмайди, балки кун сайин кучайиб, борган сари чуқурлашиб боради.
Ана шундай устозларимиздан бири “Электротехнологиялар ва электр жиҳозларидан фойдаланиш” кафедраси техника фанлари доктори профессор А.Раджабовнинг таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан институтимизда семинар ва хотира оши ташкил этилди. Тадбирда А.Раджабовнинг сафдошлари, оила аъзолари, ҳамқишлоқлари, яқин дўстлари ва шогирдлари ҳамда талаба-магистрлар қатнашишди. Тадбирни модератор сифатида институт доценти Р.Жуманиёзов бошқариб борди. Даставвал, сўз институтимиз ректори и.ф.д. профессор Умурзаков Ўктам Пардаевичга берилди. Шундан кейин абдураҳмон аканинг дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдлари устозни хотирлаб сўзга чиқишди.
Жумладан, “Электротехнология ва электр жиҳозларидан фойдаланиш” кафедраси профессори т.ф.д. А.Муҳаммадиев, шу кафедра доценти т.ф.н. М.Ибрагимов ва шогирдлари т.ф.д. профессор А.Юсубалиев, магистр Д.Акбаровлар устоз тўғрисида кўплаб ижобий фикрлар бериб ўтишди. Меҳмонлардан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий тадқиқот институти илмий ишлар ва иновациялар бўйича директор ўринбосари т.ф.д. профессор М. Тошболтаев, собиқ сув хўжалиги вазири Р.Гинятулин, профессор Ш. Нурматовлар ўзларининг А. Раджабов тўғрисидаги ёдда қолган эсдаликларини сўзлаб беришди.
Шунингдек, укалари Абдужаббор Раджабов, қизлари Лобар Амоновалар хам сўзга чиқиб энг таъсирчан хотираларини ўртоқлашдилар. Сўнгра барча институт ошхонасидаги жиҳозланган дастурхонга таклиф этилди. У ерда Абдураҳмон Раджабовни ёдлаб эҳсон оши тарқатилди.
ТИХММИ матбуот хизмати