Адиб номидаги ижод мактабида
10 апрель куни эрталаб соат миллари 9:00 ни кўрсатганида делегациямиз аъзолари эрталабки нонуштани қилиб бўлгач, ўзлари учун ажратилган улкан автобусга чиқишди. Адиб номидаги ижод мактабига борилди. Бу таълим масканига кириб боришда мактаб-интернат жамоаси, ўқувчи ва ўқитувчилари қўлларини кўксига қўйганча очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Сўнгра адиб ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб шоир шарафи учун таъзим бажо келтирилди. Ижод мактабининг ҳашаматли кенг залига киришдан олдин, жамоа улуғ шоиримизнинг серқирра ижодиёти ва шоирнинг кенг кўламли ҳаётий фаолиятини акс эттирувчи экспонатлар билан безанган музейни кўздан кечиришди. Ижод мактабининг матлаби
Институтимиз жамоасининг мактаб-интернат билан ўзаро мулоқоти ва ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Бу эса анча ижобий натижаларни бераётгани сир эмас. Томоша залига киргач ўзгача бир манзаранинг гувоҳи бўлдик. Гўзал залга монанд музайян қилинган саҳнага иккита ёш бошловчи чиқиб келади. Улар чиройли ва мазмундор сўзлар билан даврани очгач, профессор Абдураҳим Эркаевга сўз беришди. Устоз эса шоирнинг ҳаётий ва ижодий фаолиятига доир қимматли маълумотлар билан ўртоқлашдилар. Кейин эса ижод мактабининг директори Убайдулло Орипов сўз олди. У ташриф буюрган меҳмонларга самимий миннатдорлик изҳорларни билдириб, шоир ижодий фаолиятини ўқувчилар онггига сингдириш бобидаги саъйи ҳаракатлари ҳақида сўзлади. Кейин ТИҚХММИ проректори Рузимурот Чориев сўзга чиқди. У ўз сўзида Абдулла Ориповга бағишланган кўплаб онлайн ва офлайн тарзида таълим муассасамизда ўтказилган анжуманлардаги икки томонлама ҳамкорликни таъкидлай туриб бунинг изчил ва тизимли бўлиши зарурлигини уқтириб ўтди.
Худди шунга монанд ҳолда шоирнинг рафиқаси Ҳанифа опа Мустафоева сўзга чиқиб шоирнинг умр сабоқлари ҳақида сўзладилар.Кейин шоирнинг ҳаётий ва ижодий фаолияти ҳақида видеорўлик намойиш этилди. Ўқувчи ёшларнинг кетма - кет бадиий чиқишлари тадбир қатнашчиларнинг кўнглини ром этди. Айниқса, шоиринг қаламига мансуб бўлган “Жаннатга йўл” драмаси асосидаги саҳнавий кўриниш ўқувчи ёшларнинг чинакам актёрларга хос ижроси, уларнинг сўзни ҳис эта олиш қобилияти ҳайратланарли эди.
Ижод мактаби жамоасининг матлаби, яъни мақсади ижодкор ёшларнинг истеъдодини янада юксалтириш, илм-фан чўққиларни забт этиш йўлидаги ғайрат шижоатини ошириш экани қайд этилди. Бу йўлда уларга омад ва муваффақиятлар тиланди. Сўнгра барча жамулжам бўлиб автобусга чиқишди ва Абдулла Ориповнинг туғилган она қишлоғи томон йўл олишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати