Истеъдод учқунини алангалатган манзил

Косон туманидаги шоир туғилган Некўз қишлоғи, киндик қон тўкилган макон. Не кўз билан кўрайликки “Некўз” мўъжазгина қишлоқ бўлиб, шоирнинг болалик дамлари кечган, унга илҳом бахш этган сўлим маъво бағридаги уйлардан бирига кириб бордик. Уй асл ҳолатида сақланган бўлиб, шоирнинг болаликдаги суратлари илинган, оёқ остига ташланган намат, шолча ҳам беихтиёр адибнинг болалик пайтларига хаёлни олиб кетади. Биз билан суҳбатда бўлган Абдураҳим ака Эркаев ёш Абдулланинг кўкрагини ерга бериб ёстиқни қучоқлаганча китоб мутолаа этиши, ўз туйғуларини қоғозга тушириши айнан шу хона билан бўлганини уқтирди, Рус класцикларидан Пушкин, Лермонтов, Есенин асарларини севиб мутолаа қилиш, таржима қилиш ҳаваси, айнан шу хонада туғилгани аниқ. Сўнгра суҳбатга шоирнинг рафиқаси келиб қўшилдилар.

Ҳанифа опа ўзи келин бўлиб тушган хонани кўрсатиб, ўтмиш хотираларни эслаб кўзларига ёш олдилар. Бир куни Абдулла ака жонажон ўртоғини тўйига бормоқчи бўлади. Лекин отаси Убайдулла ака рухсат бермайди. Қандай бўлмасин ўртоғининг тўйига бориси керак эди, сўнгра уйнинг орқа деразадан ошиб тушганини, Ҳанифа опа эса унинг туфлисини олиб дераза орқали унга узатганини кулиб гапириб берди. Сўнг боғдаги ўрик дарахтининг тагига қўйилган чорпоя атрофига жам бўлдик. Маҳалла имоми шоир руҳини шод этиш маъносида қуръон тиловат қилди. Ҳаммамиз дуога қўшилдик. Сўнгра асли қишлоқ хўжалиги ходими бўлган 75 ёшни ҳақлаган ва оқлаган Собир ота Шомиров хотиротларини эшитишга тутиндик. Собир ота ўзининг Некўз қишлоғи номининг таърифи, у ерда яшаган оилалар ҳақидаги мулоҳазалар акс этган “Унутиш осонмас” номли рисоласини, йиғилганларга тарқатди.

Сўнгра ўзининг Абдулла ака ҳақидаги хотиротларини ҳикоя қилиб берди. Ўғли, вилоят ҳокимининг ўринбосари Оллоёр Боймиров маърифатпарвар инсон сифатида қишлоқ тарихи ва одамлари ҳақида китоб ёзишни маслаҳат бергани, шу асосида ушбу китоб дунё юзини кўргани борасида мамнуният билан сўзлади. Биз бир ҳақиқатни англаб етдик. Истеъдод соҳибини даставвал, қишлоғи машҳур қилса у халққа манзур бўлгандан кейин, қишлоғини машҳур қилади. Биз Некўзни излаб борганимизда Абдулла Ориповни қишлоғи қаерда деб сўрасак, етти ёшдан етмиш ёшгача дарҳол кўрсатишарди. Бу чинакам бахт эмасми? Некўз ҳайратимиз сабабигина эмас, балки у ерда Абдулла аканинг руҳи гўё не сўз билан, не юз билан келдингиз деяётгандек бўлади. Биз балки бу ерни нек кўзли, яъни яхши қарашли, эзгу ниятли, некбин кайфиятли инсонларнинг манзилгоҳидир дегимиз келди.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати