4 - Талабалар турар жойи янги қиёфада
Буюк бунёдкорлик майдонига айланган азим пойтахтимиз барчамизнинг кўз ўнгимизда кундан-кунга чирой очиб, замонавий қиёфа касб этиб бораётгани сир эмас. Бугун талабаларимиз ихтиёрига топширилган мазкур талабалар турар жойи ҳам, ана шундай мамлакатимиздаги бунёдкорлик намунасидир десак муболаға бўлмайди. Институтимизнинг 4 - талабалар турар жойининг очилиши маросимида профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этиб бениҳоя хурсанд бўлишди. Талабалар учун яратилган шароит, шинам хоналар ва стол-стуллар ва замонавий тарзда безатилган маънавий ҳордиқ чиқариш учун махсус ўриндиқлар ҳар бир кишини ўқишга бўлган қизиқишини орттириши табиий.
Мазкур талабалар турар жойи ушбу қиёфага киришида кўпчиликнинг меҳнати сингди. Меъморлар, қўли гул қурувчилар, ҳаттоки, кичкина хизмати билан ўз ҳиссасини қўшган кишиларга каттадан-катта раҳмат айтамиз, - дея институтимиз ректори талабаларга ётоқхонанинг топширилишига бағишгланган тадбирдаги кириш нутқида ўз миннатдорчилигини билдирди.
Донишманд халқимизнинг, “Тўйга тўёна билан” – деган нақлига амал қилган ҳолда ушбу талабалар турар жойини институтимизнинг 85 йиллик юбилейи арафасида фойдаланишга топширилиши ҳам бугун ўзгача мазмун касб этди.
Тан олиб айтиш керакки, бугунги авлод биз катталар ҳавас қилсак арзийдиган шароитларда таҳсил олмоқда. Талаба учун зарур бўлган замонавий шарт-шароитларнинг барчаси ушбу фойдаланишга топширилаётган талабалар турар жойида мужассам. Барча хоналарда юмшоқ ва қаттиқ мебел мавжудлиги, дарсхоналар, спорт билан шуғулланиш имконияти, дарсдан бўш вақтда ижодий тўгаракларнинг борлиги ҳар бир талабанинг илм олишга бўлган иштиёқини янада ошириши табиий ҳол.
Фарзандларимизнинг доим бахтли-саодатли, элу юрт манфаати йўлида доимо ўз билими ва салоҳиятини намоён этиши учун тинмай интилаётган, ҳаммани ана шундай ишга сафарбар қилаётган муҳтарам Президентимиз ғояларига садоқат руҳини англаш қийин эмас.
Институт Матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов