Тошкент шаҳрида илк бора Экопикник бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Тошкент ботаника боғида Ўзбекистон Экологик партияси Юнусобод тумани партия ташкилоти, Марказий Осиё ёшлари сув тармоғи Қозоқ-Немис университети ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ ҳўжалигини механизациялаш муҳандислари институти  билан ҳамкорликда “Атроф-муҳит барқарорлиги ёшлар қўлида” мавзусида Экопикник, ҳамда Экоҳаракат Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан “Ёш авлоднинг вояга етишида экологик тарбиянинг ўрни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мазкур Экопикникда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари, Тошкент Ботаника боғи ходимлари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислик институти Сув ҳўжалигини ташкил этиш ва бошқариш факультети ўқитувчи ва “Сув ҳўжалигида экологик хавфсизлик” йўналиши 206 - гуруҳ   талабалари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Экопикникни ўтказишдан мақсад, ёшлар онгида атроф–муҳитга бўлган эътиборни ошириш, ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, уларнинг табиат ҳақидаги билим ва интеллектуал салоҳиятини руёбга чиқаришига кўмаклашиш, уларни Она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, атроф–муҳитни муҳофаза қилиш ишларига ёшларни кенг жалб қилиш, озодалик ва ободлик каби миллий анъаналаримизни ёшлар онгига сингдириш, ўсиб-улғайиб келаётган ёшларни ҳар томонлама баркамол соғлом фарзандлар бўлиб вояга етишларида атроф табиий муҳитнинг тозалиги, мусаффолиги нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

Табиат - тирик жонларнинг онаси. У инсониятни кийинтиради, озиқ – овқат билан таъминлайди, нафас олиш учун керак бўлган тоза ҳавони етказиб беради. Она табиат ниҳоятда гўзал, унинг инсоният учун марҳамати кенг. Бу кўркам серхосият набобот олами дилга ҳузур бағишлайдиган, тароватли боғу роғлари, кўкни суяб тургандек азим тоғлари, бағри кенг водийлари, турфа рангли чаманлари билан гўзал.  Шу жиҳатдан атрофни яшил белбоғ билан ўраш инсон саломатлиги ва табиат мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Экопикник доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Юнусобод тумани партия ташкилоти ҳамда Марказий Осиё ёшлари сув тармоғи Қозоқ-Немис университети ташаббуси билан 70 га яқин кўп йиллик манзарали гуллар Тошкент Ботаника боғи ҳудудига экилди.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш, соғлигини сақлаш, ёш авлодларга қулай ижтимоий, иқтисодий, экологик муҳит яратиш алоҳида ўрин тутади. Экопикник иштирокчилари мана шундай хайрли ишларни амалга ошириш орқали мамлакатимизнинг бебаҳо табиати, атроф–муҳит мусаффолигини таъминлаш ва табиий муҳитни сақлаш бугунги кунда нақадар муҳим вазифаларимиздан бири эканлигини, бундай ишларни амалга оширишда ҳар томонлама ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак эканлигини чуқур англаб етдилар.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлимлар ва ҳаракат фаоллари билан ишлаш бўлими координатори, ТИҚҲММИ СҲТЭ ва Б факултети “Сув ҳўжалигида экологик хавфсизлик” йўналиши 206 гуруҳ талабаси Ҳабибов Ҳасан Ғулом ўғли ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов