Саломга яраша алик нима ўзи?
Ассалому алайкум, азизлар! Сўзимизнинг аввали бежиз бундай бошлангани йўқ. Сизга фақат яхшиликни истагувчи қалам эгаси сифатида қалбимиз эзгу ниятларни ушбу калом орқали ҳавола этишни маъқул топди. Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одоби мавжуд. Бироқ, шарқона саломлашиш услубимизнинг инсон дилини яйратувчи, бетакрор гўзаллик ва чуқур маъноларни ўзида акс этувчи жиҳатлари борасида қанча сўзласак, оздек туюлаверади. Нега бундан сўз очаётганинмизнинг боиси бор, албатта. Баъзан кўча –кўйда, устозларни кўрганда саломни канда қилаётган талабаларимизга нигоҳимиз тушганда, наҳотки саломлашишнинг мулоқот ва муомала жараёнидаги ўрнини билишмайди деган хаёлга борасан киши. Саломлашиш инсонлараро меҳр-у муҳаббатни кучайтирибгина қолмай, балки улар орасидаги дўстликни мустаҳкамлайди. Қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш, саломлашиш кабилар наслий яқинлик ва ёш билан, жинс билан тафовут касб этса-да, бу мулоқотнинг самимийлиги ва яқинликни билдирувчу мезондир. Баъзан “салом берсам, алик олмайди қандай одам бу, кўзини ёғ босиб, бурни кўтарилиб қолибдими?” - қабилидаги гинанамо, араз оҳангидаги эътирозлар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Боболаримизнинг ушбу ўгитлари доимо ёдимизда туриши фойдададан холи эмас. “Салом Аллоҳнинг фарзи, мабодо сен кимгадир салом берсанг-у у алик олмаса, хафа бўлишга ҳожат йўқ, аликни фаришталар олади, бандадан кўра фаришталарнинг алик олиши юқори рутбададир.
“Ассалому алайкум” асли арабча сўз бўлиб, “сизга соғлик, омонлик, тинчлик тилайман” деган маънони англатади. Инсонларнинг саломлашиш орқали ўзаро самимий бўлиши, бир-бирларига яхшилик тилаши дунёдаги барча халқларга хосдир. Гарчи уларнинг ёзилиши турли хил бўлса-да, маъно-моҳияти ўхшаш десак, алсо муболаға бўлмайди. Шу ўринда “Одамларнинг яратганга энг яқини бошқаларга аввал салом берганидир” жумлалари ёдимизга тушади. Инсонларнинг бир-бирлари билан саломлашиб юрмоғи, уларнинг ўрталаридаги муносабатларнинг самимийлигига сабаб бўлишини инкор эта олмаймиз. Оқил ва одобли киши дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан ўтаётиб, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда, “Ассалому алайкум”, деб салом бериши зарур. Уловдаги киши – пиёдага, пиёда кетаётган одам – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка, кичиклар – катталарга биринчи бўлиб салом беради. Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан берилиши даркор. Саломнинг “сомалейкум” тарзида бузиб талаффуз этилиши, бу сўз маъносини мутлақо салбий томонга ўзгартириб “сизга ўлим тилайман” шаклида намоён бўлишидан хабарингиз борми?! Агар хабарингиз бўлмаса, эндиликда салом беришда янада эътиборли бўласиз ва шарқона гўзал одоб билан саломлашишга одатланасиз деган умиддамиз.
ТИҚХММИ матбуот хизмати