Институтда умухалқ ҳашар тадбири

Янгиланиш фасли келиши билан она-табиатнинг ўзи заминга сайқал беряпти. Ён-атрофни яшилликка буркамоқда, дарахтлар шохларига гулу чечаклар тақаётир. Лекин баҳор нафасига ҳамоҳанглик зарур. Табиатнинг ишига ҳам кўмак керак. “Наврўз”нинг қадимий фалсафаси — шу! Қолаверса, бу умумхалқ байрами олдидан ўтказиладиган анъанавий хайрия ҳашарларининг асл моҳиятини ҳам яққол ифода этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, жорий йил 14-15 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт“ умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказилиши муносабати билан институтимизда ҳам ишлар жонланиб кетди. Аслида, бундай кенг миқёсли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари ёшларнинг жипслигини синовдан ўтказади. Ҳашар дейилса, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар белини маҳкам боғлаб эзгу ишга отланади.

Институтимизда умумхалқ ҳашари ўтказиладиган кунлари ҳар бир факультет ўз ҳудудларида дарахт ва гул кўчатлари экиб, боғ ва гулзорлар яратиш, маҳаллалар, таълим муассасалари, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш ишларига бош-қош бўладилар. Шунингдек, институтмиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларининг бир жамоа бўлиб ҳашар ишида иштирок этаётганлиги қувонарли ҳолат. Ишончимиз комилки, 14-15 март кунлари институтимиз жамоаси ва талаба-ёшлари мазкур умумхалқ ишидан четда турмайди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати