Ҳамкорликдаги матбуот анжумани
2019 йил 13 июнь куни Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув хўжалиги тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўлиб ўтган мазкур анжуманда вазирлик мутахассислари, соҳа олимлари, битирувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманини Сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Мирзаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сув хўжалиги тизимини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни йўлга қўйиш, бунда ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий эта туриб, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш орқали халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Соҳада самарадорликка эришиш кўп жиҳатдан замонавий, мустақил фикрлайдиган, билимли ва ташаббускор кадрларга боғлиқ. Зеро, яхши кадрлар етиштирмасдан, уларни саралаб, муносиб жойларга қўймасдан ҳеч қайси бир соҳани ривожлантириб бўлмайди.
Матбуот анжуманида институтимизнинг ўқув ишлари бўйича проректори Мирзаев Баҳодир Суюнович сўзга чиқиб институтимизда малакали кадрлар тйёрлаш борасида олиб борилаётган самарали ишлар ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорликнинг натижалари борасида тақдимот орқали муфассал равишда маълумот бериб ўтдилар. Анжуманда қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вазирлик тизимига 280 та бюджет, 72 та хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар бириктирилган бўлиб, уларда қарийб 40 минг нафар мутахассис-ходим фаолият юритиб келмоқда. Жами ходимларнинг 7400 нафари олий маълумотли мутахассислар, 18256 нафари ўрта махсус ва 14267 нафари ўрта маълумотлидир.
Вазирлик номенклатурасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, 2018 йилда тизимдаги ташкилотларда ишлаётган 291 нафар раҳбар-ходимларнинг малакаси оширилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди. Бундан ташқари, ўтган бир йил ичида вазирлик тизимидаги ташкилотлардан 100 нафарга яқин ходим дунёнинг ривожланган давлатларида малака ошириб қайтди. Вазирлик кадрлар бошқармаси томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва унинг Бухоро филиалини охирги уч йилда тамомлаган битирувчиларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Шу асосда 300 га яқин ёш мутахассислар ишга қабул қилинди.
Мамлакатимиз сув хўжалиги тизимига мутахассис-кадрлар асосан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан етказиб берилади. Вазирлик билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, институт талабаларининг ўқув-танишув ва ишлаб чиқариш амалиётлари тизимдаги ташкилот ва корхоналарда ташкил этилмоқда.
Институтни жорий йилда давлат гранти асосида битираётган 200 нафардан ортиқ талабалар Сув хўжалиги вазирининг йўлланмаси орқали тизим ташкилотларига ишга юборилади. Улар камида 3 йил ишлаб беришлари керак. Бу даврда барчаси вазирликнинг Кадрлар бошқармаси ва ҳудудий бошқармалар томонидан алоҳида эътиборда бўлади. Аҳоли яшаш ҳудудларидан узоқда жойлашган объектларга ишга юборилганлар ётоқ жой ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади. Шу тарзда келгусида ҳар йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти ва унинг Бухоро филиалини ирригация ва мелиорация йўналишлари бўйича давлат гранти асосида битирганлар вазирлик йўлланмаси билан ишга жойлаштирилади.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов