Ҳаёти ҳикмат, ижоди ибрат

Халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида курашган инсонлар номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир. Ана шундай ижодкорлардан бири ўзбек шоири ва жамоат арбоби, Ўзбекистон қаҳрамони, Давлат мадҳиямиз матнининг муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга бағишлаб, “Шоир босиб ўтган ҳаёт йўли ва ижодига бир назар” мавзусида ZOOM платформаси оркали маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бугун соат 11.00.да бошланган Онлайн-тадбирга факультет декани Ш.Нарбаев ва Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Х.Эшова модераторлик қилди. Тадбирда факультетнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва шеърият мухлислари, хоҳловчилар, ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, эл ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил тадбиримиз меҳмони сифатида иштирок этишди.

Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан бирини намоён этади. Унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади, - дейди шоирнинг шогирди Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, эл ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил. Шунинг учун ҳам улар 1998 йилда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига мушарраф бўлганлигини эътироф этиб ўтди. Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак беради деди у. Бирор-бир давра йўқки, унинг шеърлари янграмаган бўлсин. Ҳар куни мадҳия билан уйғонамиз, мадҳия билан уйқуга кетамиз. Устоз халқимиз қалбидан ўзининг бебаҳо ижоди, ўтли сатрлари, олмос фикрлари билан ўрин олган ижодкор. Абдулла акага насиб этган бахт, мартаба ҳамма ижодкорларга ҳам насиб қилавермайди. Хўш, бугун бизнинг устозимиз олдидаги вазифамиз нима? Айниқса, ёшларнинг вазифаси нима, деган саволларга шундай жавоб бериш мумкин. Абдулла Орипов шеърларидаги мазмун-моҳиятни, ҳикматни чақиш керак, келажак авлодларга бу бебаҳо меросни бус-бутун етказиш керак. Айтиш жоизки, ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаш, мустақиллик учун курашларида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўринга эга. Муҳаббат, она, ҳаёт, меҳр, истиқлол, эзгулик каби турли мавзуларни қамраб олган адиб шеърлари инсон қалбини ларзага солмай қўймайди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қарши шаҳри марказида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг фаолият бошлагани, мактаб хиёбонида шоир ҳайкали қад ростлагани, шунингдек, мактаб негизида адибнинг барча асарлари ва бошқа ижодкорлар китобларидан иборат кутубхона ва музей ташкил этилгани адиб хотирасига меҳҳрли эҳтиром нишонасидир деб талаба-ёшларга маълумот бериб ўтди. Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар, "Ердан фойдаланиш" кафедраси мудири А.Бобожонов, институтимиз матбуот котиби Р.Жуманиёзовлар ўзларининг шоир ҳақидаги илиқ фикрлари ҳамда, шоир ижодидан шеърлар ўқиб барча йиғилганларни хушнуд этдилар. Шунингдек, талабаларимиз ҳам шоир ижодидан шеърлар ўқишди. Тадбир жуда қизиқарли ва таассуротлар бой бўлди. Ушбу тадбирни ташкил этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

ТИҚХММИ Матбуот хизмати