Ақлли бошқарув сири нимада?

Ўз соҳасининг билимдонлари, тажрибали мутахассислар билан суҳбат мароқли ва айни пайтда фойдалидир. Бу эса натижадорликка, иш ва ўқув жараёнидаги ютуқ ва самарага бошлаб боради. Шунинг учун ҳам турли ўқув юртларида фаолият юритаётган педагог, профессор ўқитувчиларни чорлаш улар билан тажриба алмашиш мазмунида ижодий мулоқотлар уюштириш таълим тизимининг сифати ва самарасига ижобий таъсир этишини билмаслик инсофдан эмас. Таълим муассасалараро устозларнинг ўзаро таклиф қилиш ва ташрифларини тизимли амалга ошириш ҳам мақсадга мувофиқдир. Институтимиз ректорининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг "Бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш" факультети декани Хасанов Атабек Абдирашидович билан ташкил этилган ижодий мулоқот самарали тарзда бўлганини эътироф этиш ўринлидир.

Институтимизнинг профессор ўқитувчилари билан ўтказилган ушбу мулоқотда Отабек Хасанов бошқарув жараёнида, таълим тизимида иш унумига таъсир этувчи салбий омиллар ва уларни бартараф этиш, вақтдан унумли фойдаланиш йўллари борасида ҳаётий мисол ва назарий асослар билан боғлиқ мулоҳазаларини ўртоқлашди. Жумладан, “ақлли бошқарув”нинг жорий қилиш поғоналарини асослаб мисоллар келтириш асносида жонли ва самимий тарзда ифодалаб бера олгани кўпчиликка маъқул келди. Унинг ушбу этапларини билишгина эмас, амал қилиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтди. Мақсадни аниқлаштириш, тактикани ишлаб чиқиш, автоматик ишлайдиган тизимни яратиш, натижани баҳолаш ва мониторинг қилишгина изчиллик ва тизимлиликни таъминлашини тақдимот дастури орқали асослаб берди. Айниқса, унинг ушбу ибораси, айтиш мумкинки, афоризми, ҳикматли ўгити барчага бирдек маъқул келди. "Агар мақсадга эриша олмаётган бўлсангиз, мақсадни эмас, балки тактикани ўзгартиринг." Доно фикр!

Демак, ҳаётий қоидаларгина бизга фойдали бўлади, таълим тизимини юксалтиришга хизмат қилади. Ҳар бир инсонда, жамоада ушбу тартиб ва таркиб бўлиши ҳамда амал қилиши зарур. Булар: креативлик, коммуникативлик (киришимлилик), тайм-менежмент ва инновация. Отабек Хасанов ҳар бирига алоҳида тўхталиб изоҳлар бериб ўтди.

Шунингдек, Томас Алва Эдисоннинг ушбу фикрини бежиз келтирмадилар. “Инновация бу 1% , илҳом ва  меҳнат эса 99% дир.  Демак, ўз-ўзидан ҳаракат ва изланиш, тинимсиз интилишгина мақсадларнинг рўёбини беради. У ўз нутқида таассуф билан бир фикрни эътироф этди. Бу таълим соҳасида, бошқарув жараёнида тизимли фикрлашнинг йўқлигидир. Мақсад аниқ бўлгани билан уни амалга ошириш тактикаси муҳим. Бу эса коммуникатив компетенция, киришимлилик, тил тактикасидан фойдалана олиш уқуви, риторик маҳорат билан боғлиқдир. Мулоқот якунида институт ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков Отабек Ҳасановга бир оғиз сўзлари билан ижодий учрашувга розилик бергани учун миннатдорчилик билдириб ўз ҳурматини изҳор қилиш асносида жамоа номидан рамзий совғаларни армуғон этди.

 

 

Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов