Ирригация тизимларидаги ишлаб чиқариш муаммолари ёшлар нигоҳида
Ишлаб чиқариш ва таълим интеграцияси, амалиётдаги муаммоларнинг илмий-инновацион ечимларини ишлаб чиқиш ва бу жараёнда бевосита талабалар иштирокини таъминлаш бугунги кундаги олий таълим муассасаси олдига қўйган муҳим вазифалардан биридир. Бу вазифани бажариш эса бир қатор тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. 2019-йилнинг 11-октябр куни ирригация тизимлари соҳаси вакиллари ва иқтидорли талабалар учрашуви ташкил этилди.
Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Ш.Имомов, "Гидромелиорация" факультети декан муовини Л.Самиев ҳамда Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими ходимлари ташаббуси билан Нукус тумани ирригация тизимлари бўлими бошлиғи К. Темирхонов, Амударё тумани ирригация тизимлари бўлими бошлиғи Х. Қаландаров, Янгиариқ тумани ирригация тизимлари бўлими бошлиғи О. Эрназаровлар билан “Ирригация тизимларидаги ишлаб чиқариш муаммолари ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ташкиллаштирилди. Давра суҳбатида Гидромелиорация ва Гидротехника қурилиши факультетлари талабалари иштирок этишди. Давра суҳбати юқори даражада баҳс ва мунозара кайфиятида ўтди. Ш. Имомов суҳбат кириш сўзида ёшларнинг илмий изланишлари эътиборини айнан ишлаб чиқаришдаги мавжуд муаммолар ечимларига қаратишида бу тадбирнинг аҳамияти ҳақида қисқача гапириб ўтди.
Шундан сўнг меҳмонлар таништирилди ва уларнинг тизимдаги фаолиятлари ҳақидаги маълумотлари тингланди. Баҳс-мунозаралар учун кириш саволи сифатида декан муовини Л.Самиевнинг сув ҳавзалари ва ирригация тизимлари бошқаруви, тақсимот ва уни ташкил этишдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисидаги саволи берилди. Ушбу саволга Нукус тумани ирригация тизимлари бўлими бошлиғи К. Темирхонов Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси ва унинг тасарруфига кирувчи ташкилотлар, юқоридан бошлаб қуйи бўғинлардаги ишнинг ташкил этилиши, сувни тақсимлаш механизмининг ишлаши ва аҳамияти ҳақидаги маълумотлар орқали жавоб бердилар.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни навбат билан бера бошлашди. "Гидромелиорация" факультети 3-курс талабаси С.Жалиловнинг “талабалар ишлаб чиқариш амалиётларини бевосита соҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб боришни амалиётга жорий қилиш уларни кейинчалик, меҳнат фаолиятларини ташкил этишда пойдевор вазифасини бажаради. Шу тажрибани амалиётга жорий қилиш керак”- дея берган таклифи меҳмонлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Амударё тумани ирригация тизимлари бўлими бошлиғи Х. Қаландаров саволларга жавоб бериш жараёнида Амударё сувнинг лойқалиги, мавжуд гидротехник иншоотлар реконструкцияси ва эксплуатацияси, сув тақсимлашдаги ернинг текислиги аҳамияти, дарё ўзанини назорат қилиш ва ундаги исрофни камайтириш, янги технологиялар олиб кирилганда ҳам уларни ишлатиш учун маҳаллий кадрлар етишмаслиги каби мавжуд муаммоларни айтиб ўтди. Шундай бўлсада, олий таълимни якунлаб, бакалавр даражаси билан ишга бораётган мутахассислар савияси йилдан-йилга ижобий ўзгараётганлигини таъкидлаб, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда 2019-йил ҳисобидан 10 нафар бизнинг институт битирувчиларини ишга қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Талабаларнинг ишга жойлашишда кадрга қандай талаблар қўйилади дея берилган саволига ташкилотда етакчи мутахассислардан тузилган 5 нафар аъзодан иборат комиссия ташкил этилганлиги ва ҳар бир кадр соҳага оид билимлар доирасида саволлар бериладиган суҳбат асосида қабул қилинишини айтиб жавоб бериб ўтдилар.
Давра суҳбати қизғин ва самимий кайфиятда давом этиб, берилган барча саволларга амалий тажрибалар асосида батафсил жавоблар берилди. Мунозара ва фикр алмашишлар тадбир якунлангандан сўнг ҳам институт ҳовлисида давом этди. Талабаларни ишлаб чиқаришдаги шарт-шароитлар ҳақидаги тасаввурлари анча кенгайди. Илмий изланишларини тўғри йўналтириш учун аниқ муаммолар тўғрисида маълумотларга эга бўлишди. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бундай учрашувларни доимий ҳар бир соҳанинг тегишли вакиллари билан ташкил этиш ва улар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш Ишлаб чиқариш ва таълим интеграцияси, амалиётдаги муаммоларнинг илмий-инновацион ечимларини ишлаб чиқиш ва бу жараёнда бевосита талабалар иштирокини таъминлашнинг асосини ташкил этади.
Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими ходими Дилмурод Акбаров ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов