Намунали кийиниш ҳам одобдир
Инсон одоби билан гўзалдир. Шунинг учун ҳам табиатдаги бошқа мавжудотлардан фарқ қилиб туради. Киши қанча ёшга кирмасин, то ҳаётдан кўз юмгунча тарбияга, одобга, ахлоққа муҳтождир. Билимли, илмли одам бўлиши мумкин, аммо одамнинг одоб-ахлоқи талаб даражасида бўлмаслиги мумкин. Ўрта Осиёдаги ахлоқ, одоб, оила ҳақидаги қарашларнинг бошида халқнинг ўлмас маданияти ёрқин нур сочиб туради. Айтилган сўзларнинг уддасидан чиқишдек мардлик, кечиримлилик, ботирларга хос инсонийлик, олийҳимматлилик, севги ва муҳаббатга содиқлик каби чин инсоний ахлоқлар аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган муқаддас фазилатлардир. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёда, жумладан, ўзбек халқининг ҳаёт тарзларини акс эттиришда мардлик, жасурлик, камтарлик, севгига садоқат, дўстлик ва биродарлик, тинч-тотув яшаш учун кураш инсоний қадр-қиммат, ҳалол ва пок турмуш, оилада поклик улуғланган.
Одамзод одоби, хулқи билан “инсон” деган шарафга лойиқ бўлган. Унинг барча сифатлари “одоб” билан фазилатларга айланган. Баъзиларнинг наздида арзимасдек туюлган камчиликлар бартараф этилмас экан, бора-бора бу кичик айб-у нуқсонлар катта ҳалокатларга олиб келади. Ёшларнинг кийиниш маданиятида ҳам кескин ўзгаришларни кўрамиз. Айниқса, талаба қизларнинг кийиниши бизни ташвишга солади. Баданни сиқиб турувчи тор шиму, тиззадан юқори юбкалар! Мода ортидан қувиб, қаҳратон чиллада ҳам бошяланг юришлар! Баҳор ойларида қизларимизнинг кийимлари янада юпқалашиб, ҳаммани ўзига маҳлиё этадилар. Бу қизларнинг бир сўзли оталари, ор-номуси баланд акалари бир-бир кўз ўнгимиздан ўтади.
Биз тарбиячи-педагоглар кийиниш одоби ҳақида турли мунозарали суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борамиз, лекин бунинг самарасини ниҳоятда оз деб биламиз, чунки оилада шаклланган кийиниш қоидаларини ўзлари учун энг тўғри деб ҳисоблайдиган ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Унутмайлик, бугунги вояга етаётган қиз эртага бир оиланинг бекаси, соғлом болаларнинг соғлом онаси бўлиши керак. Фаслга мос кийинмаслик, тор, баданини сиқиб турувчи кийимлар кийиш ёшларнинг саломатлигига катта путур етказиши тиббиёт ходимлари томонидан қайта-қайта таъкидланмоқда.
Инсоннинг кийган кийими орқали биз у ҳақидаги илк таассуротларга эга бўламиз. Кийиниш одоби билан атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимизни ифодалаймиз. Масалан, ҳашарга айтилган жойга тўйга ясангандек кийиниб борсак, ҳашарга келганларга хайрихоҳ эмаслигимизни билдиради. Шундай экан, таълим муассасаларига содда, фаслларга мос, миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда кийиниб келсак, нур устига аъло нур бўлар эди. Демак, кийиниш ҳам инсон зийнати ҳисобланади. ГТС, ГИМ, ҚСХЕТ факултети талаба қизлари фаол қатнашишди.
Тарбиячи-педагог, психолог Дилором Сагдуллаева ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов