Ананавий таълим бошланишидан олдин институт жамоасининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди

     Таълим тизимининг самараси ва натижаси муҳим масала. Пандемия шароитида бир мунча мураккабликлар туғилгани сир эмас. Онлайн тизимда имконият ва шароитдан келиб чиққан ҳолда дарс машғулотлари олиб борилди. Эндиликда офлайн тизимга ўтиш ҳам кундалик мавзуга айлангани бежиз эмас. Барчаси таълим сифати ва самараси учун ҳаракат. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий телеграмм саҳифасида эълон қилинган "Республика комиссиясининг 2020 йил 12 ноябрдаги йиғилиши қарорига мувофиқ барча олий таълим муассасаларида жорий йилнинг 16 ноябридан олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва режа-график асосида ўқув жараёнини анъанавий шаклда давом эттириш белгиланди" хабар муносабати билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ҳамда институт жамоаси иштирокида 2020 йил 14 ноябрь соат 16:00 да онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда барча проректорлар, филиаллар директорлари, факультет деканлари,  бўлим ва марказ бошлиқлари (ТТЖ барча ҳодимлари, ишлар бошқармаси, бухгалтерия, институт шифохонаси ҳодимлари ва бошқалар тўлиқ ҳолатда), декан муовинлари,  кафедра мудирлари ҳамда барча профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ўқувнинг офлайн тизимда бошланишида гигеник қоидаларга тўла риоя этилиши зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Институтнинг барча масъул раҳбарларига назоратни кучайтириш юкланди. Айёр вирусдан ҳар дамда, ҳар қадамда огоҳ бўлиш кераклиги қайд этилди. Ходимлар бўлими, Мониторинг ва ички назорат бўлими, Ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари иштирокчиларни кириши ҳақида мониторинг олиб бориши ҳамда институт раҳбариятига тизимли равишда маълумот тақдим этиши алоҳида уқтирилди.Йиғилиш якунида институт ректори онлайн тарзда йўлланган саволларга жавоб берди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати