Замонавий рақамли нивелирлар Leica Sprinter 250M қўлланилиши бўйича тренинг машғулотлари
Йилдан-йилга замонавий, дастурий таъминотли техникалар ривожланиб бормоқда. Бу эса ҳар бир соҳанинг ривожига ўзининг ҳал қилувчи ҳиссасини қўшади. Сўнгги йилларда юқори аниқликдаги нивелирларнинг янги тури – электрон рақамли нивелирлар амалда кенг қўлланилмоқда. Бу эса шу соҳа мутахассислари учун кўплаб қулайликлар яратиб берди. Анъанавий нивелирлардан рақамли нивелирлар электроника билан жиҳозланганлиги ва махсус иш дастурлари билан таъминланганлиги билан фарқ қилади. Бу эса дала ўлчаш ишларини ва натижаларини ишлаб чиқиш жараёнларини автоматлаштириш имконини беради.
2019 йил 10-11 декабрь кунлари Республикамизнинг барча вилоятлари ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ходимлари ва институтимиз профессор-ўқитувчилари учун Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури, “Техник салоҳиятни мустакамлаш” лойиҳаси раҳбари Улугбек Исламов, Малика Икрамова ва “Гидромелиорация” факультети декани Алишер Фатхуллоев ташаббуси билан институмизнинг Г-ўқув биноси 4-маърузалар залида замонавий рақамли нивелирлардан (Leica Sprinter 250M) фойдаланиш, уни амалиётда қўллаш бўйича малака ошириш курси ташкил қилинди. Ушбу икки кунлик курс давомида ҳавза бошқармалари ходимлари ва ўқитувчиларга “Leica” компанияси ходими Ражеев Наяк рақамли нивелирларни ишлатиш ва ундаги имкониятларни амалда қўллашни тушунтириб берди. Курснинг иккинчи куни тингловчилар институтимиз худудида нивелирдан фойдаланишни амалда ўрганди. Улар замонавий рақамли нивелирлардан фойдаланиш, ўлчов ишларининг аниқлиги ва унга кетадиган вақтнинг тежалиши ҳамда ундаги имкониятлар юқори эканлигига амин бўлишди. Иштирокчилар мутахассислар томонидан берилган маълумотларини курс якунида муваффақиятли тамомлаганликлари учун лойиҳа раҳбари Улугбек Исламов ва институтимиз ректори томонидан сертификатлар топширилди.
“Гидрология ва гидрогеология” кафедраси ассистенти С.Р. Мансуров ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов