Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз
2020 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг катта залида ўзбек мумтоз адабиётининг вакили, буюк шоир, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳриддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо Бобурнинг таваллуд топган кунига 537 йил тўлиши муносабати билан “Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз” деб номланган адабий-маърифий кеча ҳамда “Бори элга яхшилиғ қилғил...” мавзусида китоб-расмли кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, жамоат арбоблари, санъатшунослар, адабиёт ихлосмандлари, ҳарбий хизматчилар, айни пайтда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг талаба - ёшлари, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни муносабати билан ўтказилаётган ушбу адабий-маърифий кечани филология фанлари номзоди, доцент, халқаро тоифадаги нотиқлик бўйича тренер - Раҳимбой Жуманиёзов олиб борди.
Даставвал, Бобур ғазали асосида "ИҚТИДОР" видеостудияси томонидан иЎзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти томонидан директор ўринбосари Насиба Холдоровага сўз берилди.
Филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим – Норқул Бекмирзаев “Бобурнинг халқимиз маънавий маданияти тарихида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоирлардан - Зикрилла Неъматов, Дилором Муродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Курсия Эсанова, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист- Турғун Бекназаров, Хушовоз хонандалар - Ўлмас Оллоберганов, Наргиза Азимова, мақом ижрочиси - Озодбек Тилланазаров, таниқли актриса-Назокат Нарзиева ҳамда 98151-сон ҳарбий қисм командир ўринбосари Ахназаров Аброр Қодирқуловичлар қатнашдилар.
Тадбир давомида Ўзбек Миллий академик драма театри, “Дийдор” ва Муқимий театрларининг етук актёрлари, Бобур ҳаёти ва ижоди асосида саҳналаштирилган спектакллардан лавҳалар ва шеърий чиқишлар намойиш этилди. Эл таниган актёрлар ва ҳофизлар томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазаллари, рубойилари ҳамда улар асосида басталанган қўшиқлар ижро этилди.
Шунингдек, ушбу тадбир ғоясини ифодалаш ва намоён этишда янгича инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари асосида яратилган драматик асарлар, жараённи ифодаловчи видеороликлар кўрсатилди. Экранда миллий мусиқа асарлари билан бирга нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов томонидан ўқилган Бобур ғазаллари янгради.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият — улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди.
Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида, етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йили отадан етим қолди. 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун укаси Жаҳонгир Мирзо, амакиси Султон Аҳмад Мирзо, тоғаси Султон Маҳмудхон ва бошқа рақибларга қарши курашишга мажбур бўлади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. У ўзининг кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада, асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.
Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир маснавийси, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
Тадбир анча жонли тарзда ўтди ва шу куннинг ўзидаёқ "Ўзбекистон-24" информацион дастури орқали намойиш этилган ҳолда шарҳланди.
Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган шахс эканлигини алоҳида қайд этмоқ лозим.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов