Музей - мозий кўзгуси
Тарих тақдирлардан таркиб топган. Музейлар экспонатлар, ўтмишга гувоҳ бўлган тилсиз турли ускуна ва ашёлардан иборат. Аслида, уларнинг ҳам тили бор. Уни тушунадиган, идрок этадиган усталари бўлади. Шубҳасизки, кўп йиллар мобайнида институтимизда фаолият юритган собиқ ходимимиз музейшунос Василий Кузьмичнинг бу борада ўз ўрни ва тажрибаси бор. У музей буйича республикадаги нодир мутахассислардан бири сифатида кенг жамоатчиликка яхши таниш. Ўз фаолияти давомида мамлакатимизнинг кўпгина муассасаларининг музейларини ташкил этишда меҳнати сингган. Жумладан, Термиз археология музейи, Шўртангаз ва Муборакгаз заводлари музейи, Узавтосаноат музейи, мамлакатимизнинг сўлим гўшасида жойлашган "Лочин" болалар оромгоҳи музейи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети каби олий таълим муассасаларининг музейларини ташкил этишдаги фаолияти бунга яққол мисолдир.
Ректоримизнинг тавсиясига мувофиқ институтимизнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рўзимурот Чориев раислигида институт тарихида кўп йиллик фаолияти билан меҳнати сингган, ёши улуғ устодлар иштирокида маслаҳат кенгаши бўлиб ўтди. Йиғинда институтимизнинг музейини такомиллаштиришда нималарга эътибор бериш кераклиги бўйича ўзаро фикр алмашинди.
Василий Кузьмич даставвал, музейларни шакллантиришда кўпроқ нималарга эътибор бериш, йиғилган ашёларни, экспонатларни қандай жойлаштириш, тадрижийлик ва системалиликка асосланишнинг зарурлиги борасида ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда турли тасвирлар орқали мулоҳазаларини билдирди. Расм, видео ва аудиоматериалларнинг борларини бир жойга жамлаш, уларни таъмирлаш, яроқлилик даражасини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Институт тарихига оид ҳамма нарсани жойлаштириш, қалаштириш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаб тарихийлик тамойилига асосланган ҳолда, моҳият касб этувчи экспонатларни изчиллик билан жойлаштириш зарурлигини қайд этди. Тошкент Иқтисодиёт университетининг музейи мисолида айрим мулоҳазаларни билдириб ўтди. ТИҚХММИнинг музейини яратилишида Алишер Навоий асарларига асосланган ҳолда Фарҳоднинг элга сув келтириши билан боғлиқ тасвирларни қўйилишини маъқул ҳисобладилар. Очиғини айтиш керакки, бу фикр, ғоя каминага ҳам маъқул келди. Аждодларимизнинг сувга муносабати қай йўсинда бўлгани, уни жиловлаш, ўз измига бўйсундириш ҳаракатлари қандай оқибатларга сабаб бўлгани борасида тасаввур уйғотади. Мустақиллик даврини алоҳида оригинал расмлар билан ёритилишига диққатни қаратди.Ўнг ва чап томон заллар ўзаро уйғунликда бир-бирини тўлдириши, институт тарихи борасида яхлит таассурот уйғотиши муҳимлигини эътироф этди.
Институт тарихига доир қандай расм, китоб ва бошқа ашёлар кимда бўлса, келтириши, шу йўл билан уларни тўплаш кераклиги таъкидланди ва келишиб олинди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов