Мозийга назар

Ёшлар маънавиятини юксалтиришда энг муҳим омиллардан яна бири – тарихий хотира – аждодларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси бўлиб, ўтганлар хотирасини ёдда сақлаган ҳолда, эъзозлаб яшаш демакдир. Ёшларни шундай анъана руҳида тарбиялаш, Ватанимиз тарихи билан қуроллантириш маънавият ва миллий мафкурани шакллантириш соҳасидаги кечиктириб бўлмас вазифа эканлиги шубҳасиз. Бу борада институтимизда ҳам кенг миқёсда самарали ишлар амалга ошириб борилмоқда.

«Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Сув хўжалиги ва мелиорация» таълим йўналиши 402-гуруҳ талабалари Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейига ташрифни амалга оширдилар. Ташрифдан мақсад талабаларни Амир Темур ва темурийлар давридаги илм-фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиёти, тарихий ютуқларимиз, анъаналаримиз билан таништириш, бу соҳадаги тасаввурларини бойитишдан иборат эди.

Музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Уларда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат ва муҳаббат уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.

Темурийлар тарихи давлат музейи 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан бунёд этилган бўлиб, ёш авлодни бой тарихимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром ва Ватанимизга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда. Талабалар музей экспонатларини мароқ билан томоша қилдилар. Бу ташриф талабаларда катта таассуротлар қолдирди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати