Марказий Аэрогеодезия корхонасига ташриф

2019 йил 10-11 апрель  кунларида ТИҚХММИ ҳарбий кафедрасининг 10,11 ва 12 - гуруҳ талабалари Марказий Аэрогеодезия  корхонасига амалиётда ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш мақсадида ташриф буюришди. Корхонанинг электрон топографик карталар тузиш бўлими бошлиғи Минашкина Н.А. талабаларни кутиб олиб корхона ҳудудидаги хавфсизлик чораларини етказди ва тадбирни бошлади. Бўлим бошлиғи Минашкина Н.А. корхонанинг иш фаолияти билан талабаларни таништириб, ҳозирги жараёнда корхонада 1:25 000 электрон топографик карталарни янгилаш ишлари билан шуғулланишни таъкидлаб ўтди. Электрон хариталарни тузишда қўлланиладиган замонавий дастурлар (программное обеспечения) GIS «Panorama», Arc GIS ва Auto CAD талабаларга катта қизиқиш уйғотди ва улар юқоридаги дастурларни мукаммал ўрганишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишди.

Электрон топографик карталарни яратишда ва уларни янгилашда қўлланиладиган космик суратлар талабаларга катта қизиқиш уйғотди, унда талабалар карталарни яратишдаги талаблар, аниқликлар ва керакли топографик шартли белгиларга эътиборни қаратишди. Марказий Аэрогеодезия корхонасига мутахасислари талабаларга электрон топографик карталарни яратиш икки босқичдан иборатлигини айтиб беришди: биринчи босқич ишлари корхона ҳудудида, хоналарда бажарилса, иккинчи босқич эса   жойларда, ҳудудларда замонавий топогеодезик асбоблар ёрдамида бажарилишини сўзлаб беришди. Ҳар иккала босқичда ҳам мутахассислардан юқори аниқликни ва тўғриликни талаб қилади. Яратиладиган электрон топографик карталар ҳозирги ҳудудларнинг ҳолатини аниқ ва кўргазмали қилиб тасвирлаши кераклигини мутахассислар таъкидлаб ўтиш билан бир қаторда карталарнинг махфийлигига ҳам эътибор беришди.

Талабалар корхонанинг фаолияти ва бажарадиган вазифалари билан қисқача танишиб ўтганларидан кейин саволлар беришди. Уларни қизиқтирган саволлардан бири шу корхонага ишга кириш учун мутахасис қанақа назарий билим ва амалий кўникмага эга бўлиши керак бўлди. Талабалар берилган саволларга тўлиқ жавоблар олишди.

Кейинги танишиш жойи бу корхонанинг иш жараёни бўлди, бу ерда талабаларга мутахассислар томонидан электрон топографик карталарни яратишни ва янгилашни амалий кўрсатиб беришди. Талабалар Марказий Аэрогеодезия корхонасининг бой тарихи билан танишиш учун шу корхонанинг Музейига таклиф қилинди. Музейда ўрнатилган эски оптик топогеодезик асбоблар талабаларда катта таассурот қолдирди, Музейда ўрнатилган асбобларнинг ҳар бири ўз даврида юқори аниқликдаги асбоблар эканлигига талабалар амин бўлишди. Ташрифнинг якунида ТИҚХММИ ҳарбий кафедраси талабалари ва корхонанинг мутахассислари билан умумий эсдалик учун расмларга тушишди.

ТИҚХММИ ҳарбий кафедраси ҳамда Марказий Аэрогеодезия корхонаси талабаларни танлаган касбларига бўлган қизиқишни уйғотиш ва шу йўлда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида доимий ҳамкорликни давом эттиришни ўзларига мақсад қилиб олишди. Тадбир охирида Марказий Аэрогеодезия корхонаси директори Омонов Акмал Солижоновичга ТИҚХММИ ҳарбий кафедрасида ҳарбий тайёргарлик бўйича таҳсил олаётган талабалар билан ўтказилган тадбирга амалий ёрдам кўрсатиб, талабаларда Ватан равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ўз касбини мутахассиси бўлган етук кадрлар захирасини шакллантиришдек масъулиятли ишга ҳисса қўшганлиги учун ТИҚХММИ ректори, профессор Ў. Умурзаков номидан миннатдорчилик билдириб, муҳрланган ташакурнома тақдим қилинди. Ўз навбатда Марказий Аэрогеодезия корхонаси директори Омонов А. ТИҚХММИнинг фаол, билимли ва изланувчан (4-5 нафар) талабаларини корхона ҳудудида иш билан таъминлашга ваъда қилди.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов