Маърифат тарқатиш механизми
Барчамизга маълум жорий йилнинг 19-март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини янада ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Юртбошимиз ҳар бир раҳбар ўз шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига ўнтадан китоб совға қилса, бундай эзгу ташаббус Китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таʼсир кўрсатишини таъкидлаган эди. Президентимизнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, 13- апрел куни "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш факултети", Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, "Ахборот ва коммунникатсион технологиялар" кафедраси мудири Абдуллаев Зафар Сайфиддинович ўзи таҳсил олган Тошкент Шаҳар Юнусобод туманида жойлашган 12-сонли умумтаълим мактабига китоблар совға қилди. Ўзингиз таълим олган мактабга бориш китоблар тақдим этиш завқли, қолаверса, бу маърифат улашишнинг муҳим механизми. Мактабда таълим олаётган ўқувчилар сиздан ўрнак олади, сиздек бўлишга интилади. Бу сиз тақдим этган китобни қўлга олган заҳотиёқ уларда туғиладиган илк таъссуротдир. Китоблар тақдим этилиши билан бир қаторда мактабда институт Ёшлар иттифоқи фаоллари, факултет ёшлар етакчилари Ҳайтбой Искандаров, Сухроб Темиров, Маъруф Баратовларнинг жамоалари маънавий-маърифий тадбир дастури билан фаол иштирок этишди. Талабалар мактаб ўқувчиларига ўзларининг чиқишларини намойиш этишди. Викториналар ташкил этилди, совғалар улашилди, ҚВЗ "Креатив" жамоаси бадиий чиқишлар қилишди. Тадбирни ташкил этган ва иштирок этган барчага мактаб жамоаси номидан катта миннатдорчилик билдирамиз. Ташаббуслар давом этади.
Институт ёшлар иттифоқи БТ ёшлар етакчиси Акмал Бердимуродов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов