Жонажон мактаб оғушида ёхуд бағишлов концерт дастурида
Зиёли инсон борки шундай ҳолатга тушса керак. Унинг ўзи ўқиган мактабни кўзига чўғдек кўринишига ва уни болалик чоғлари кечган муқаддас манзилгоҳни энтикиш билан эслашига шубҳа йўқ. Абдулла ака ўқиган бир қаватли ўрта мактаб боғ тўрида бўлиб, унинг бир мунча эскиргани яққол сезилиб турибди. Лекин у ерда янги замонавий тарзда қурилган икки қаватли янги мактаб қад ростлаган. Мактабнинг иккинчи қаватидаги музей шоирнинг болалик йилларидан тортиб умрининг охиригача бўлган даврлардаги учрашув ва мулоқотлар, таниқли шахслар билан суҳбат жараёнлари акс этган расм ва полотнолардан, шунингдек, катта-кичик экспонатлардан таркиб топган эди. Делегациямиз аъзолари музей билан яқиндан танишаркан шоир билан руҳан, қалбдан гаплашгандек бўлишди.
Шоирнинг ўзи ва овози ёзилган аудио ва видеодарсликлар янада кучлироқ таъсир кучига эга бўлиб у ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Кейин мактаб ўқувчилари иштирокида қўшиқ, рақс гулдастасидан тузилган шеърхонлик ва хотиротлар билан музайян этилган концерт дастури барчада илиқ таассурот уйғотди.Таянч институтимизнинг филиалига қайтиб келиб тушлик қилингандан сўнг кенг безатилган катта саҳнада ҳар иккала таълим муассасасининг иқтидорли талабалари иштирокида бадиий-адабий дастур ташкил этилди. Даставвал, таянч институтимиз, сўнгра ТИҚХММИ талабаларининг чиқишлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, “ТАРГЪИБОТ” гуруҳининг ичакузди ҳангомалари томошабинларга ҳузур бағишлади.
Тадбир аввалида Таянч институтимиз филиали директори Муқимов Зарифжон Мажлисович Қарши шаҳрининг 2700 йиллигига бағишлаб чоп этилган ёдгорлик албом-китобларидан бир нечтасини тақдим этиб ўзининг самимий истакларини билдирди. Дастур тугагач, институтимиздан вакил бўлиб борган жамоа ички туризмнинг амалдаги ифодаси ўрнида “Сайф ул-ҳақ” (Адолат қиличи) номи билан юритилган Абу Муин Насафий қадамжосига бориб зиёратни бекаму кўст адо этишди. Эртасига тонг маҳали жамоамиз кўтаринки кайфият билан “Насаф-Тошкент” поезди орқали соғ - омон пойтахтга етиб келишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати