Фаоллик фидойиликда
Ташаббускорлик ва ташкилотчилик инсон фаолиятининг икки қаноти. Ана шу сифатларга эга бўлган инсонлар доимо эътиборга сазовор, таҳсинга лойиқ. Ўзига юкланган вазифани шараф билан адо этиш ҳам фидойиликни талаб этади. Заҳмат чекмагунча раҳмат эшитилмас деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ўз касбини севиш, яқинларига, касбдошларига муҳаббатли ва мурувватли бўлиш уни эл-юрти, меҳнат жамоаси, маҳалласи, оиласи олдида катта нуфузга эга қилгани сир эмас. Гап 1981 йилдан буён институтимизда самарали фаолият юритиб келаётган Абдураупов Рамз Расулжанович ҳақида. Улар 19 декабрь куни ўзларининг муборак 60 ёшини қаршиладилар.
Абдураупов Рамз Расулжанович 1983-1986 йилларда Санкт-Петербург давлат политехника университети аспирантурасида таҳсил олган. Институтда 15 йил давомида «Ўқув-методика бўлими» бошлиғи лавозимида ишлаган. У 2017 йилдан ҳозирги пайтгача Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. У Ph.D., доцент. Р.Р. Абдураупов - кўпгина илмий ва ўқув-услубий анжуманларда иштирок этган ва 30 га яқин мақолалар чоп этган. Иккита ихтиро муаллифи.
У Ўзбекистон Республикаси Агросаноат Тошкент вилояти касаба уюшмаси томонидан Фахрий ёрлиқ билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 18 июлдаги Фармонига асосан таъсис этилган «Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги эсдалик нишони» билан тақдирланган. Сув хўжалиги аълочиси. У ҳар ишда ташаббускор, журъатли, тўғри сўз, маънавий етук, ўз ҳамкасабларига нисбатан доимо меҳрибон ва ғамхўр.
Ҳурматли Рамз Расулжанович!
Эл-юрт ҳурматини мерос қилиб бўлмайди. Унга фақат умр бўйи ҳалол, фидокорона меҳнат қилиб, ёниб яшаган кишиларгина эришади. Сизни мана шундай кишилар тоифасидан эканлигингиздан бутун жамоамиз ва дўст-у биродарларингиз, яқинларингиз фахрланади. Сизга тангридан узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва мамлакатимиз равнақи йўлида олиб бораётган келажак фаолиятингизда куч-қувват ва улкан зафарлар тилаймиз!
Сизга самимий ҳурмат ва эҳтиром билан Тошкент ирригация ва қишоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси номидан Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов